Скринингни пайсалга солмаслик зарур

13:25 06 Октябр 2023 Жамият
500 0

Фенилкетонурия – ирсий касаллик бўлиб, у республикамизда янги туғилган чақалоқларнинг ҳар тўққиз мингидан бирида учрайди. Ушбу хасталик бола туғилишидан олдин ёки туғилиши биланоқ аниқланса, даволаш самара бериб, чақалоқ дарддан тўлиқ фориғ бўлиши мумкин. Акс ҳолда...

— Ушбу касалликнинг вақтида аниқланмаслиги, боланинг ақлий заифлигига олиб келиши, натижада жамиятда яна бир туғма ногирон пайдо бўлиши билан асоратли, — дейди Навоий вилояти “Она ва бола” Скрининг маркази директори Маҳфуза Ҳамроева. – Туғруқхонада чақалоқларнинг товонидан қон олиш орқали, таҳлиллар ёрдамида болада ушбу хасталик бор йўқлиги аниқланиб, даво чоралари қўлланилади.

Навоий вилоятида ҳар йили йигирма минг нафардан ортиқ бола дунёга келади. Ҳаёт аталмиш буюк воқеликда йигирма минг умр дафтарининг оппоқ саҳифаси очилиб, шунча оила орзулари гулшанида умид ниҳоли бўй кўрсатади. Ҳар бирида оиланинг янги аъзоси билан орзулари ҳам улғайиб боради. Афсуски, бир қатор ирсий касалликлар бола организмида ҳомиладорлик давридаёқ юқиб, баъзи оилаларга қувонч ўрнига ташвиш келтириши ҳам мумкин. Хусусан, навбаҳорлик Қурбоновлар оиласида дунёга келган чақалоқда туғма гипотиреоз касаллиги туғруқхонадаёқ аниқланиб, тўрт йил давомида олиб борилган муолажалар натижасида жисмоний ва ақлий ривожланишда ўз тенгқурларидан қолишмаслигига, дарддан шифо топишига эришилди.

— Даволаниши давомида қизимга дори воситалари тўлиқ бепул берилди, — дейди унинг онаси Шаҳноза Қурбонова. – Аниқ ҳисоблаганим йўғу, лекин чамамда бир неча миллион сўмни ташкил этади. Очиғи, бунча маблағни топиш оиламизни қийин аҳволга солиб қўярди. Минг марта раҳмат, мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш дастури асосида мана шу ташвишлардан қутулдик. Ўрни келганда бўлажак оналарга скрининг тадбирларини пайсалга солмасликни таъкидламоқчиман.

Вилоятда Скрининг марказлари фаолияти йўлга қўйилиши натижасида сўнгги беш йилда ирсий касалликлар билан туғилиш икки бараварга камайган. Ушбу тадбирни Ш. Қурбонов каби пайсалга солиш ва бошқа муайян сабаблар туфайли эса йил бошидан буён туғилган чақалоқларнинг 44 нафарида туғма гипотиреоз ҳамда 5 нафарида спинал мушак атрофияси сингари туғма ногиронликка мубтало қилувчи касалликлар аниқланган ва даво муолажалари олиб борилмоқда.

— Республикамиз Президентининг жорий йил 8 сентябрдаги “Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, туғма ҳамда ирсий касалликларни эрта пренатал ва неонатал даврда аниқлаш, болалар ўлими ва туғма ногиронликни камайтириш, туғма ва ирсий касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олишда янги даврни бошлаб беради, —дея сўзида давом этади М. Ҳамроева. – Ушбу қарорда оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг янги тизимини яратиш билан бирга бепуштликнинг олдини олиш чоралари бўйича ҳам бир қатор тадбирлар белгиланган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, кўп асрлик миллий қадриятларимиз бардавомлигини таъминлашда ҳомиладор ва эмизикли аёлларимизга, унинг бағрида унаётган зурриётга эътибор инсонни улуғлаш каби тамойилларни ўзида ифода этади.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер