Сирдарёда мактаб-интернат янги бинода фаолият бошлади

14:16 24 Июль 2025 Жамият
204 0

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Сирдарё туманидаги 71-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг янги биноси фойдаланишга топширилди. Айтиш лозимки, ушбу таълим муассасаси сўнгги 7 йил давомида турли мослаштирилган биноларда фаолият юритиб келаётган эди.

“Олмалиқ КМК” акциядорлик жамиятининг ҳомийлик кўмагида таъмирланган, тўлиқ реконструкция қилинган, замонавий ва барча талабларга жавоб берадиган бинода ўқув биноси, ошхона, ҳаммом, кир ювиш хонаси, спорт зали, спорт ва ўйин майдонлари, Work-out майдони, 240 нафар болага мўлжалланган ётоқхона мавжуд.

Маълумот учун: 71- ихтисослаштирилган мактаб-интернатда асосан ақлий, руҳий ва сенсор ривожланишда орқада қолган болалар таълим-тарбия олади. Шунингдек, оғир даражадаги ногиронлиги бўлган 7–18 ёшли болалар учун “Ғамхўрлик” гуруҳи ҳам фаолият юритади. Бу гуруҳда болалар нафақат парваришланади, балки реабилитация хизматларидан ҳам фойдаланади.

Мактабда 13 та махсус жиҳозланган технология хоналари мавжуд. Бу ерда ўқувчиларга дурадгорлик, чилангарлик, косибчилик, ободонлаштириш, тикувчилик, сартарошлик ва бошқа касбларга ўргатилади. Келгусида ўқувчилар амалий кўникма ҳосил қилиши учун бўр ишлаб чиқариш цехи ва майда шохли чорвага мўлжалланган кичик фермерлик мажмуаси ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

— Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган болалар учун таълимда инсонпарвар ва инклюзив ёндашув устувор йўналишга айланди, —дейди мазкур мактаб-интернат логопед-дефектологи Дилдора Диметова. — Хусусан, бизнинг таълим масканимизда ҳар бир синфда 8–12 нафар ўқувчи таълим олади. Бундай формат ўқитувчининг ҳар бир болага билим беришда индивидуал ёндашишига имконият яратади. Оғир ногиронлиги бўлган болалар эса 5-9 нафар ўқувчидан иборат алоҳида “Ғамхўрлик” гуруҳига қамраб олинади. Бир сўз билан айтганда, буларнинг бари мактаб-интернат ўқувчиларининг келажакда жамиятда муносиб ўрин эгаллашига мустаҳкам замин яратади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер