Синага “Туризм қишлоғи” мақоми берилди

12:50 04 Ноябрь 2024 Жамият
357 0

Фарҳод ЭСОНОВ/“Халқ сўзи”. Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги Сина маҳалласида анъанавий миллий таомлар сайли ўтказилди. Тадбирлар доирасида тоғлар қўйнидаги мафтункор Сина қишлоғига “Туризм қишлоғи” мақоми берилди.

Вилоят ҳокимлиги ва Туризм қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган сайлда воҳа туманлари ва Термиз шаҳрининг миллий услубда безатилган павильонлари ташкил этилиб, ҳудудларига хос тансиқ таомлар кўргазмаси, таомлар тайёрлаш билан боғлиқ услуб, удум ва анъаналар, миллий халқ ўйинлари кенг намойиш этилди.

— Сина қишлоғи азалдан пазандалик санъати билан машҳур, — дейди вилоят туризм бошқармаси бўлим бошлиғи Бекзод Ўроқов. — Ушбу тадбирнинг ўтказилишидан кўзланган мақсад ҳудуднинг туристик имкониятларидан самарали фойдаланиш, миллий урф-одат ва анъаналарни меҳмонларга кенг намойиш этиш ҳамда Сина қишлоғини туристларнинг севимли масканларидан бирига айлантиришга қаратилган.

Хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар, тадбир меҳмонлари нон, патир ва сомсанинг 20 дан зиёд тури ҳамда тандир кабоб, гўжали ош ва бошқа миллий таомларнинг тайёрланиш сирлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.

Сайилда “Энг яхши миллий таом”, “Энг яхши ошпаз” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Улар вилоят ва Денов тумани ҳокимлиги томонидан диплом, махсус статуэтка ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шу куни Туризм қўмитаси масъуллари Сина қишлоғига туризм қишлоғи мақоми берилганлиги ҳақидаги сертификатни тантанали топширди.

Шунингдек, тадбир доирасида вилоят ҳокимлиги, Туризм ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси томонидан журналист ва блогерлар учун пресс-тур уюштирилди. Тадбир иштирокчилари тоғлар қўйнидаги Сина, Ушор, Сунбула каби қишлоқлар аҳолисининг ҳаёти билан танишди. Сирли балиқ кўли, мафтункор “Сунбулаи зор” табиат мўъжизаси, Қиз қўрғон археологик ёдгорлиги, Хўжаи Ҳисор зиёратгоҳи каби сайёҳлик масканлари, оилавий меҳмон уйлари, ҳудуднинг миллий ҳунармандчилиги ҳақида маълумотларга эга бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер