Сифатини тасдиқловчи ҳужжатсиз дори воситаларини сотган дорихона фаолиятига чек қўйилди

15:53 02 Январь 2024 Жамият
272 0

Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш бошқармаси мутахассислари томонидан фуқаро мурожаати асосида “Толиб Фарм” МЧЖга тегишли Сирдарё вилояти, Сирдарё тумани, Ўзбекистон шоҳ кўчаси, 99-уйда жойлашган дорихонада ўтказилган текширув натижасига кўра, мазкур дорихона савдо зали ва омборхонасидан ноқонуний муомалада бўлган 24 турдаги (мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмаган 10 турдаги ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилмаган 14 турдаги) дори воситалари борлиги аниқланган.

Юқоридаги ҳолатлар бўйича Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг “Толиб Фарм” МЧЖ тегишли дорихонага 2020 йил 23 октябрдаги берилган №500-сонли лицензияни бекор қилиш ҳақида Сирдарё туманлараро иқтисодий судига киритган даъво аризаси суднинг 2023 йил 12 октябрдаги тегишли ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилди ва “Толиб Фарм” МЧЖга тегишли дорихонага дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун берилган лицензия бекор қилинди.

Эслатиб ўтамиз, “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида ягона низом”га мувофиқ, дори воситалари ва тиббий буюмларни мувофиқлик сертификатларисиз сақлаш ва (ёки) реализация қилиш — фаолият учун берилган лицензиянинг амал қилиши белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келадиган, лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузилиши ҳисобланади.

Шунингдек, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасида мувофиқ сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини харид қилиш, чакана реализация қилиш ва улардан фойдаланиш тақиқланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер