Швеция парламентида Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик ва “Меҳр” операцияси тажрибаси юқори баҳоланди

15:20 28 Март 2026 Жамият
625 0

24­-25 март кунлари Швеция парламенти — Риксдагда “Ўзбекистонда диний бағрикенглик, экстремизмга қарши кураш ва террорчи гуруҳларнинг собиқ аъзоларини реинтеграция қилиш тажрибаси” мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди.

Мазкур нуфузли тадбирда “Меҳр” операцияси орқали низоли ҳудудлардан қайтарилган Д.Н ўз чиқишида Ўзбекистонда адашган шахсларга нисбатан қўлланилаётган кечиримлилик ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш сиёсатининг амалий моҳиятини очиб бергани иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Швеция расмийлари ва халқаро экспертлар Ўзбекистон тажрибасини юқори баҳолади. Риксдагнинг “Швеция – Марказий Осиё” дўстлик гуруҳи раҳбари, таниқли сиёсатчи Бёрн Сёдер Ўзбекистоннинг экстремизмга қарши курашдаги илғор тажрибасини ўрганиш икки давлат манфаатларига мос эканини таъкидлади.

Швеция ТИВнинг динлараро мулоқот бўйича махсус вакили, элчи Кристиан Камил ўз нутқида “Меҳр” операцияларини радикаллашув илдизига берилган кучли зарба деб атаб, Ўзбекистон тажрибаси динлараро мулоқот хавфсизликнинг энг мустаҳкам пойдевори эканини қайд этди.

Швеция хавфсизлик ва тараққиёт сиёсати институти директори, сиёсатшунос Сванте Корнелл Ўзбекистоннинг мусулмон дунёси тарихидаги ўрни ва Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан очилган Ислом цивилизацияси марказининг аҳамиятига тўхталиб, радикаллашувга қарши маънавий ва ижтимоий усуллар билан курашиш самарадорлигини алоҳида эътироф этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер