Шуҳрат Муротов кўксини “Шуҳрат” медали безади
Фото: «Халқ сўзи»
Қашқадарё вилоятида биринчи бўлиб телевизор ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркор Шуҳрат Муротов Президентимизнинг 2023 йил 18 августдаги “Тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига асосан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Шуҳрат Муротовни қарийб 17 йилдан буён биламан. Ўша 2006 йилларда компьютерлар бу қадар оммалашмаган, чекка ҳудудларни қўя туринг, вилоят марказида ҳам компьютер учун зарур эҳтиёт қисмларини топиш осон эмасди. Интилувчан тадбиркор ана шундай қийин бир шароитда ўзининг “Alp Texno Servis“ хусусий корхонасини ташкил этиб, компьютер ва унинг эҳтиёт қисмлари савдоси, қолаверса, компьютерларга сервис хизмат кўрсатишни йўлга қўйганди. Шу боис унинг шаҳар марказида жойлашган мўъжазгина дўкони доим мижозлар билан гавжум бўларди.
2014 йилга қадар тадбиркор компьютер ҳамда унинг эҳтиёт қисмларини сотиш, ўрнатиш ва сервис хизмати кўрсатиш билан шуғулланган бўлса, 2015-йилдан маиший техника воситалари савдосини ҳам йўлга қўйди. 2016 йилга келиб Хитойнинг “ITM SWS Co. LTD“ компанияси билан ҳамкорликда Қарши шаҳрида ”Biss electronics system“ масъулияти чекланган жамияти негизида 32 ва 43 дюймли телевизорлар ишлаб чиқаришга киришди. Бу вилоят тарихида телевизор ишлаб чиқаришга ихтисослашган илк лойиҳа эди.
Корхонада ишлаб чиқарилган замонавий телевизорлар ички бозорда ҳам, ташқи бозорда ҳам ўз ўрнини топа бошлади. Бу эса тадбиркорни яна янги-янги марралар сари илҳомлантираверди.
2018-йилдан бошлаб корхонада ишлаб чиқарилаётган телевизорларнинг ўлчами 49 дюмга етган бўлса, 2020-йилдан 55 ўлчамгача бўлган ва “Smart” функцияли энг замонавий телевизорлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.
2022 йилда эса Қарши шаҳридаги “Буюк Турон” кичик саноат зонасида “Alp Texno Servis“ хусусий корхонасининг йирик ишлаб чиқариш заводи фойдаланишга топширилди. Айни пайтда бу ерда замонавий телевизорларнинг 32, 43, 50, 55, 65 дюймли моделлари, янги авлод ”ақлли” телевизорлар ишлаб чиқарилмоқда.
— Бугунги кунга келиб корхонамизда ойига 10 минг дона телевизор ишлаб чиқарилмоқда, — дейди Шуҳрат Муратов. — Уларнинг етмиш фоизи, яъни ўртача етти минг донасини хорижга экспорт қиляпмиз. Хориждаги мижозларимиз асосан Озарбайжон, Қирғизистон ҳамда Россиялик истеъмолчилар ҳисобланади. Шунингдек, айни вақтда Тожикистон, Туркманистон ва Беларус бозорларига кириш ҳаракатидамиз. Янги бозорларга йўл очиш бизга ишлаб чиқариш қувватини янада ошириш имконини беради.
Тадбиркор бу билан чекланмоқчи эмас. Айни пайтда корхонада ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича яна бир қатор бизнес-ғоялар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Хусусан, келгусида ярим автоматли кир ювиш машиналари ҳамда замонавий чангюткичлар ишлаб чиқариш ҳам режалаштирилган. Ҳа, бир инсоннинг ташаббускорлиги, тадбиркорлиги ортидан йирик корхона бунёд этилди. Корхонада ҳудуддаги 70 нафарга яқин йигит-қиз энг замонавий технологиялар асосида “ақлли телевизорлар” ишлаб чиқариш билан машғул. “Тадбиркор – элга мададкор” дея шунга айтсалар керакда!
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг