Шоли етиштиришда замонавий ёндашув зарур
Фото: Халқ сўзи
Бугун қишлоқ хўжалиги соҳасида глобал сув тақчиллиги муаммосидан келиб чиққан ҳолда инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш давр тақозосига айланмоқда. Жумладан, сув кўп талаб қиладиган шоли етиштиришда тежамкор технологиялардан фойдаланишга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бораётир. Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида бўлиб ўтган тадбир айни шу мавзуга бағишланди.
— Ўзбекистонда амалга оширилиши кўзда тутилаётган лойиҳамиз мамлакат иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда шолининг янги навларини парваришлашга қаратилган, — дейди тадбирда сўзга чиққан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти халқаро эксперти Манзур Ҳусан Дар. — 4 миллион АҚШ долларига тенг ушбу лойиҳа орқали сувни тежаш, маҳсулот сифатига путур етказмаслик ва экинни иқлим шароитига мослаш мумкин бўлади. Ҳозирда дастлабки назорат ишлари ташкиллаштирилган.
Тадбир давомида таъкидланганидек, ушбу лойиҳа мутахассислардан етарли малакани талаб этади. Бу эса кадрлар тайёрлаш сифати билан боғлиқ масала.
— Шоличиликда янги саҳифа очиши кутилаётган ушбу пилот лойиҳани рўёбга чиқариш учун Андижон вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаларида дастлабки ишлар олиб борилмоқда, — дейди Шоличилик илмий тадқиқот институти директори Маъсудбек Сатторов. — Шоли етиштиришда замонавий ёндашувларни амалиётга тадқиқ этиш жараёнида малакали мутахассислар тайёрлаш чора-тадбирларига ҳам эътибор қаратилмоқда. Хусусан, республикамиздаги қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган институтларда таҳсил олган кадрларни шоличиликда юқори тажрибага эга Япония, Жанубий Корея, Хитой, Филиппин каби давлатларга қисқа ва узоқ муддатли амалиёт жараёнларига жалб этмоқчимиз.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг