Шогирдлар сафи кенгаяди
2020 йил 10 ноябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Мажлисда қонун лойиҳасини қабул қилиш заруратига тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, мамлакатимизда ҳунармандчилик соҳасини ривожлантириш ва ушбу фаолиятни амалга оширишни янада соддалаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шу йил ўрталарида пандемия туфайли жорий этилган карантин даврида бу борада айрим муаммолар борлиги кўзга ташланди. Аввалги Қонунда «ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар товарлар тайёрлаш учун кўпи билан беш нафар шогирдни уларга тегишлича ҳақ тўлаган ҳолда жалб этишга ҳақлидир» деган чеклов бор эди. Эндиликда ана шу чеклов олиб ташланмоқда. Бу таклиф, аввало, давлат раҳбари томонидан илгари сурилган эди.
Депутатлар ишлаб чиқилган лойиҳа ушбу мақсадга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Уларнинг қайд этишича, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши барча ҳунармандларга шогирдлар сони бўйича чекловларни бекор қилади. Бу эса ҳунармандларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, энг муҳими, аҳолининг ишсиз қатлами, яъни ёшлар, аёллар ва мактаб битирувчиларини иш билан таъминлашга имкон беради.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг