«Шижоат ва ғайрат» мусобақаси ғолибларига янги имкониятлар
Азим АХТАМОВ/«Халқ сўзи». Бугунги кунда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни баркамол авлод этиб тарбиялаш, хусусан, жамиятда соғлом турмуш тарзини спорт орқали қарор топтириш, уларга бу борада шарт-шароитлар яратишга катта эътибор қаратилмоқда.
Яқинда давлатимиз раҳбари «Ёшлар билан ишлаш натижадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ўтказилган видеоселектор йиғилишида айнан маҳаллаларда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни ҳарбий хизматга бўлган қизиқишларини оширишга қаратилган 5 та босқичдан иборат «Шижоат ва ғайрат» ҳарбий-спорт мусобақасини ташкиллаштириш ҳақида алоҳида сўз юритди.

Шу муносабат билан Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маданият департаментида «Шижоат ва ғайрат» ҳарбий-спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Мудофаа ва Спорт вазирликлари вакиллари иштирок этиб, йиғилганларга мазкур мусобақа хусусида маълумотлар берди.

— Мусобақада маҳаллаларда истиқомат қилувчи 18 — 22 ёш оралиғидаги ёшлар 7 та шарт асосида беллашишади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг ўринбосари Ҳамдам Қаршиев. — Ёшларнинг куч-қуввати турникда тортилиш, орқа билан ётган ҳолатда танани кўтариш, ўқув қўл гранатасини узоқликка улоқтириш, узоқ масофага югуриш, қисқа масофага югуриш, АК-74 (Калашников автоматини) нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, мерганлик каби машқларда синалади. Ушбу ҳарбий-спорт мусобақаси маҳалла ёшлари учун чин маънода ватанпарварлик полигони бўлиб, миллий армиямиз сафида хизмат қилиш ҳамда ҳарбий соҳага ўқиш ва ишга кириш учун чиниқтирувчи амалий дарс бўлади, десак, муболаға эмас.
Маълумотларга кўра, беллашувнинг 5 та босқичи 30 июнга қадар ўтказилиши, жорий йил республика босқичи ғолиблари учун маҳаллаларда — 1 ўринга универсал спорт майдончаси, 2 ўринга стрит воркоут майдончаси, 3 ўринга эса воркоут майдончаси бунёд этилиши режалаштирилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг