Шифокорларнинг автомашиналари ҳам жарима майдончасига қўйилаяптими? Ушбу ҳолатга депутат муносабат билдирди

15:43 13 Апрель 2020 Сиёсат
2764 0

Шифокорлар бугунги куннинг ҳақиқий қаҳрамонларига, энг керакли шахсларига айланишди. Аммо буни ҳамма ҳам жумладан, айрим ички ишлар органлари ходимлари тўлиқ англаб етмаган кўринади.

Карантин шароитида автомобил ҳаракати чекланди. Аммо Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига қарши курашиш бўйича республика комиссиясининг 8 апрель кунидаги 17-сон қарори билан давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларининг хизмат автомашиналари ва давлат муассасасида ишловчи шифокорларнинг шахсий автомашиналари билан ҳаракатланишига рухсат берилган.

Аммо менга давлат муассасасида ишлайдиган бир нечта шифокорлар машинада ҳаракатланаётганларида ички ишлар органлари томонидан тўхтатилиб, карантин қоидаларини буздингиз дея автомашиналарни жарима майдончасига қўйилаётгани бўйича мурожаатлар келиб тушди.

Бу каби мурожаатлар “Адолат” СДП фракциясининг қолган депутатларга ҳам келаётгани маълум бўлди.

Демак, масала жиддий, у кўплаб жойларда содир бўлмоқда. Ишига бориб беморларни даволаши керак бўлган шифокорлар бугун ички ишлар органлари ходимидан ўз ҳуқуқини талаб қилиш билан овора.

Қарор ўз кучидалигини Адлия вазири Русланбек Давлетов ҳам тасдиқлади. Сиз ва биз ўқиганимиз ҳамда тушунганимиздай шифокорларга автомашиналаридан фойдаланишга рухсат берилган. Бироқ шу оддий жумлаларни ва ҳақиқатни наҳотки, айрим ички ишлар органлари ходимлари тушунмаган бўлса?

Бу ерда ушбу оқибатларга олиб келувчи икки хил сабаб мавжуд бўлиши мумкин. Яъни, вазирлик томонидан махсус комиссия қарорига зид бирор бирор буйруқ, йўриқнома ишлаб чиқилган ва улар шунга амал қилишмоқда.

Ёки ички ишлар органларининг жойлардаги айрим ходимлари қарор талабларини ва бугунги вазиятни тўлиқ тушуниб етмаган ҳолда салла деса каллани олиш билан банд.

Нима бўлганда ҳам, мазкур вазият бўйича ички ишлар органларининг аниқлаштирувчи муносабатини ҳамда хавфсизлигини таъминловчи ходимларнинг соғлиғимизни сақловчи ходимлар фаолиятига халақит эмас, аксинча, ёрдам беришларини сўраб қоламиз.

Махфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер