Шифохонага 4 марта мурожаат билан келиб, уйига қайтарилган фуқарода коронавирус аниқланди

16:51 15 Апрель 2020 Жамият
4908 0

архив фото

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Содиқжон Бердиалиев коронавирусга тест топширишда юзага келаётган камчиликларни маълум қилди.

“Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида яшовчи фуқаро 19 март кунидан 4 апрел кунига қадар, яъни 16 кун мобайнида тана ҳарорати кўтарилиб, ҳолсизлик сезаётгани боис 4 марта Юнусубод туманидаги 51-сонли оилавий поликлиникага ва 1 марта 7-сонли шаҳар клиник шифохонасига мурожаат қилган.

Шифокорлар унга тиббий ёрдам ва муолажалар кўрсатиб, уйига кетишига рухсат беришган.

Ушбу фуқаронинг соғлиғи оғирлашиб, бешинчи марта шифохонага мурожаат қилганидан сўнггина ундан вирусологик текширув учун намуна олинган.

Текширув натижасида унда коронавирус аниқланиб, у ва у билан мулоқотда бўлган 30 нафар фуқаро карантинга олинди.

Минг афсуски, ҳозирда у билан мулоқатда бўлган ҳамшира ва бошқаларда ҳам коронавирус аниқланмоқда.

Таҳллиларга кўра, ҳозирда касаллик юқтириши мумкин бўлган хавфли гуруҳ:

  • бозорларда ва катта савдо дўконларида савдо қилаётган сотувчилар;
  • ички ишлар постларида туну-кун кўплаб фуқаролар билан мулоқатда бўлиб ишлаётган ходимлар;
  • тиббий хизмат ходимлари,
  • умумий тартибда карантинда сақланиб турган фуқароларимиз бўлиб қолмоқда.

Унутмайлик, ҳозирги кунда ҳеч кимга касаллик юқмай қолишига ишонч йўқ.

Ягона йўл — шифокорлар тавсиясига амал қилиш, уйда қолиш ва мулоқатларни кескин чеклашдир”, дейди Бердиалиев.

Шунингдек, Бердиалиевнинг маълум қилишича, Шу кунга қадар беморлар билан мулоқотда бўлган 9538 нафар шахс ҳақида маълумот тўпланди. Мулоқотда бўлган шахсларнинг:

  • 2204 нафари — беморнинг яқин қариндошлари,
  • 3877 нафари — бирга ишловчи ва доимий мулоқотда бўлган шахслар,
  • 3453 нафари эса — бир маротаба мулоқотга киришган шахслардир.

Карантин қоидаларига амал қилмаслик бўйича 42,782 та ҳуқуқбузарликлар аниқланди. Ҳуқуқбузарларнинг:

39,291 нафари — эркак,

525 нафари — аёл.

Ҳуқуқбузарликларнинг:

40,360 нафари — тиббий ниқоб тақмасдан юриш,

395 нафари — карантин ҳудудини ташлаб кетиш,

201 нафари — вақтинчалик тўхтатилган савдо фаолиятини давом эттириш,

24 нафари — маросим ёки йиғинлар ўтказиш,

10 нафари — ижтимоий тармоқларда ваҳима чиқарувчи ёки асоссиз маълумотлар тарқатиш,

1792 та бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этишган.

Ҳуқуқбузарликларнинг 6,785 таси Тошкент шаҳрида; 4,465 таси Самарқанд вилоятида; 5,341 таси Тошкент вилоятида; 5,430 таси Фарғона вилоятида ва бошқа ҳудудларда содир этилган.

65 ёшдан юқори кексаларнинг уйдан чиқмасликлари қарори юзасидан 3,261 нафар кекса ёшдаги фуқароларимиз томонидан ҳам карантин қоидаларини бузиш ҳолатлари қайд этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер