«Шеърларим янграб қолур, Бир умрга ўлмайман!» Наманганда оташнафас шоир Усмон Носир ҳайкали очилди

11:32 14 Ноябрь 2022 Жамият
954 0

Фото: Халқ сўзи

Шоҳ Машрабга бешик бўлган Наманган яна бир оташнафас шоир – Усмон Носир номи билан ҳам тилга олинади. Ҳаётга чақмоқдай келиб-кетган бу истеъдод эгаси қисқа умри давомида ўзига шеъриятдан мангу ҳайкал қўйишга улгурди. Унинг Ватан озодлиги, халқига муҳаббат билан йўғрилган асарлари, ўзга тиллардан моҳирона ўгирилган таржималари миллий адабиётимиз хазинасида гавҳар мисол ҳали-ҳамон ёлқинланиб турибди. Шоирнинг ўзига эса шум қисмат насиб этди, холос. Уни йигирма беш ёшида ўз домига тортган шафқатсиз қатағон машинаси эрк куйчисининг орзу-умидларига нуқта қўйди. Гарчи Усмон Носир жисмонан маҳв этилганига етмиш саккиз йилдан ўтган бўлсада, унинг ижоди, ўлмас асарлари халқ дилидан ўчгани йўқ. Мана, энди шоир хотирасига чинакам эҳтиром кўрсатиш, унинг таваллуд санасини мамлакат миқёсида нишонлаш кун тартибига қўйилди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 февралида қабул қилинган «Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори серқирра истеъдод соҳиби, навқирон ёшида мустабид тузум қурбонига айланган исёнкор қалбнинг иккинчи умрини бошлаб берди, десак тўғри бўлади.

Наманганда мазкур қарор ижроси доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимлари томонидан жойларда адабий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

13 ноябрь - Усмон Носир туғилган сана. У туғилиб ўсган Наманганга пойтахтдан келган меҳмонлар, вилоят адабий жамоатчилиги ва аҳоли вакиллари эрта тонгда гуллар шаҳрининг кўркам манзилларидан биридаги Усмон Носир хиёбонига тўпландилар. Бу маскан қисқа вақт ичида барпо этилган бўлиб, адабиёт ихлосмандлари, бутун шаҳар аҳлини чорлаб турувчи файзиёв гўшага айланди. Хиёбон марказида шоирнинг салобатли ҳайкали қад ростлаган. Иқтидорли ҳайкалтарош Қодир Намозов томонидан яратилган ёш Усмоннинг сиймоси атрофга жўшқинлик ва қатъият билан боқади.

Ёдгорликнинг очилиши катта тантанага айланди. Унда сўз олган Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов ва бошқалар шоир хотирасини абадийлаштириш, унинг асарлари бўйича олиб борилаётган илмий тадқиқотлар хусусида тўхталдилар. Тантана чоғида иштирокчиларга шоирнинг жияни, адабиётшунос олима Нодира Рашидованинг икки жилдлик «Усмон Носир» романи совға қилинди.

— Бундан беш йил аввал давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маърифатпарвар шоиримиз Исъҳоқхон Ибратнинг хотираси абадийлаштирилган эди, энди Наманганнинг миллий уйғониш адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшган яна бир вакили номи тикланди, — дейди фахрий журналист Комилжон Файзиев. — Бу, энг аввало, наманганликлар, қолаверса, бутун ўзбекистонликлар дилидаги иш бўлди. Чунки Усмон Носир ҳақидаги ҳақиқат, унинг ўлмас асарлари халқимизга қайтди.

Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарори ижроси доирасида Усмон Носир туғилган собиқ Авлиё домла маҳалласида ҳам катта ҳажмда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Бу ерда шоирнинг уй-музейи ташкил этилиб, унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида сўйловчи тарихий экспонатлар билан тўлдирилди. Бинодан икки мингга яқин китоб фондига эга кутубхона ҳам ўрин олган. Уй-музейи ва кутубхонанинг очилишида ҳозир бўлган меҳмонлардан бири — профессор Қозоқбой Йўлдошев замонавий ўзбек адабиёти ривожида Усмон Носир ижодий меросининг ўрни ҳақида тўхталиб ўтди.

Адабиёт ва санъат байрами тадбирлари тушдан сўнг вилоят мусиқали драма театрида давом этди. Театрнинг ижодий жамоаси Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо асари асосида режиссёр А. Холмўминов томонидан саҳналаштирилган «Усмон Носир» драмасини илк бор томошабинларга тақдим этди.

Айтиш керакки, Усмон Носир таваллудининг 110 йиллик юбилей санаси муносабати билан ноябрь ойида қатор маданий-маърифий ва адабий тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган. Ўтган куни Наманган давлат университетида «Замонавий ўзбек адабиёти ривожида Усмон Носир ижодий меросининг ўрни ва аҳамияти» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этилди. Қозоғистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Туркия давлатларидан адабиётшунос олимлар иштирок этган анжуманда шоир ижоди қардош давлатларда ҳам чуқур ўрганилаётгани, тадқиқот натижалари, таржималар ҳақида сўз юритилди. Наманган муҳандислик-технология институтида эса Усмон Носир хиёбони барпо этилиб, шоир бюсти ўрнатилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер