Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашувида нутқ сўзлади
Фото: president.uz
Ўзбекистон Республикаси Президенти Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашувида нутқ сўзлади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Давлатимиз раҳбари нутқи аввалида Қирғизистон Президентига самимий қабул ва саммитни аъло даражада ташкил этгани учун миннатдорлик билдирди. Маслаҳат учрашувида илк бор иштирок этаётган Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовни қутлади.
«Бугун қайта-қайта таъкидланганидек, ушбу форматда йўлга қўйилган мулоқот туфайли биз дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга, минтақада мутлақо янги конструктив ҳамкорлик муҳитини яратишга эришдик.
Биз Марказий Осиёнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини, барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш бўйича мураккаб вазифаларни изчил ҳал этиб келмоқдамиз.
Бу йўлда кўплаб тўсиқлар олиб ташланди, фуқароларимизнинг эркин ҳаракатланиши, фаол маданий ва сайёҳлик алмашинуви учун шароитлар яратилди.
Ўзаро савдо ва инвестицияларнинг ўсишига хизмат қилувчи қулай муҳит шаклланди.
Биргина сўнгги беш йилнинг ўзида вилоятлараро товар айирбошлаш ҳажми икки баравар ошди.
Шунингдек, қўшма саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш, самарали қўшилган қиймат занжирларини яратиш, транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга киришдик.
Энг муҳими, қардош халқларимиз ана шу ижобий ўзгаришларнинг барчасини ҳис қиляпти», деди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг