Шавкат Мирзиёев «Электр энергетикаси тўғрисида»ги Қонунни имзолади
Фото: Президент Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Электр энергетикаси тўғрисида»ги Қонунни имзолади. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Телеграм канали маълум қилди.
Қайд этилишича, қонун электр энергетикаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Электр энергетикаси соҳасини давлат томонидан тартибга солишни Вазирлар Маҳкамаси, Энергетика вазирлиги, Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги, Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари амалга оширади.
Қонунга кўра, Вазирлар Маҳкамаси электр энергетикаси соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди. Шунингдек, Энергетика вазирлиги электр энергетикаси соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир.
Янги белгиланаётган меъёрларга кўра, электр энергияси бозори оператори, ишлаб чиқарувчи, электр энергиясини сақлаш тизими оператори, узатиш тизими оператори, марказий харид қилувчи, трейдер, тақсимлаш тизими оператори, таъминотчи ва истеъмолчи электр энергияси бозорининг иштирокчилари сифатида қайд этилмоқда.
Тарифлар ва тўловларни белгилаш услубияти ҳамда унинг асосида тартибга солинадиган тарифлар ва тўловлар Энергетика бозори регулятори томонидан белгиланади. Бундан ташқари, қабул қилинган тарифлар ва тўловлар кучга киришидан камида 15 беш кун олдин эълон қилиниши зарур. Ҳеч қандай тариф ёки тўлов орқага қайтиш кучига эга эмас.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.
Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев «Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида» қарорни имзолаганди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг