Шаҳрисабзда янги институт ташкил этилди
Фото: Халқ сўзи
Президентимизнинг 2022 йил 21 июндаги «Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида Қарши давлат университетининг Педагогика институти негизида Шаҳрисабз давлат педагогика институти ташкил этилди.

— Фармонга биноан янги ташкил этилган Шаҳрисабз давлат педагогика институтининг 2023-2026 йилларда ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари белгиланган, — дейди институтнинг тиллар факультети декани Аҳадхон Муҳаммадиев. — Унга кўра, чет тили фанидан миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга профессор-ўқитувчи ва талабалар улушини ошириш, юқори малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, профессор ўқитувчиларнинг илмий-услубий фаолияти натижадорлигини ошириш бўйича самарали фаолият олиб борамиз.
5 сентябрь куни олий таълим муассасасида 2022-2023 ўқув йили бошланишига бағишланган «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди ва унда ўқитувчилар талабаларни мустақиллигимизнинг 31 йиллиги ва янги ўқув йили билан самимий табрикладилар. Дастлабки сабоқлар «Мустақиллик дарси» билан бошланди. .
Эслатиб ўтамиз: институтда 1429 нафар талаба таҳсил олаётган бўлса, уларнинг 962 нафари кундузги бакалавр ва 460 нафари сиртқи таълим йўналишида ўқишмоқда.
Фахриддин БОЗОРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг