Шаҳарсозлик кодексига қандай ўзгартиришлар киритилмоқда?
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида “Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларнинг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Маълумотларга кўра, кейинги вақтларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қурилиш соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларга зид равишда кўп ҳолатда қурилишга рухсат бериш, реконструкция қилиш, вақтинчалик бино-иншоотлар қуришга рухсат бериш тўғрисида қарорлар қабул қилинган.
Шунингдек, қонунчиликка номувофиқ тарзда ер участкаси ажратиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги қарама-қаршиликлар ва зиддиятларни бартараф этиш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир ҳилда таъминлаш зарурати Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига ўзгартиришлар киритишни тақозо этмоқда.
Мазкур ҳужжат билан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қурилиш соҳасига оид уларга хос бўлмаган айрим ваколатлари тугатилмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши архитектура ва қурилиш соҳасидаги давлат хизматларини кўрсатиш борасида амалиётда кузатилаётган мавжуд муаммоларни, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги қарама-қаршиликларни ва ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни бартараф этишга хизмат қилади.
Фракция аъзолари томонидан муҳокамалар жараёнида мазкур лойиҳанинг муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилиб, қурилиш ва реконструкция қилишга рухсат бериш тегишли ташкилотлар, мутахассисларнинг хулосасига биноан амалга оширилиши ҳар томонлама мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидладилар.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб бир қатор таклифлар беришди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг