Шаҳарда ҳам деҳқончилик қилиш мумкин

11:11 03 Декабрь 2020 Жамият
1077 0

Когон шаҳар «Умид» кўчасида яшовчи Бахтиёр Маматқулов рўзғорига қўшимча даромад топиш ҳақида ўйларкан, ҳовлисидаги бир парча ерга кўзи тушди. Ёзда озроқ ҳосил олишларини айтмаса, бу ер куз, қиш бўйи «бекор» ётади. Мабодо, иссиқхона барпо этса-чи? Унда мўмайгина даромад қилиш мумкин. Фақат меҳнатдан қочилмаса, бас.

Худди шу фикр уни шаҳар ҳокими томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Когон шаҳар Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда ўтказилаётган оммавий сайёр қабулга олиб келди. У субсидия асосида кичик бир иссиқхона қуришда ёрдам сўради. Мурожаат шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ўрганилди. Бахтиёр Маматқуловга ёрдам қўли чўзилди. Ҳаял ўтмай деярли қаровсиз ётган экин ерида бир сотихли иссиқхона бўй ростлади. Бахтиёр аканинг маҳалладоши Ражаб Ҳамидовга ҳам худди шундай кўмак берилди.

Ҳозирги кунда иккала фуқаро мўъжаз иссиқхонада бодринг, помидор етиштириб, қўшимча даромад топиш саъй-ҳаракатида.

— Шунингдек, «Амир Темур» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган оммавий сайёр қабулда Тошмасжид кўчаси 11-уйда яшовчи Розия Ўринова ҳам ўзининг ҳалол меҳнати ортидан кунлик даромадга эга бўлиш мақсадида субсидия асосида замонавий иссиқхона қуриб беришни сўраб мурожаат қилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Когон шаҳридаги Халқ қабулхонаси мудири Шариф Аминов. — «Темир дафтар»га киритилган бу фуқаронинг мурожаати шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклаш маркази томонидан ўрганилиб яқинда ижобий ҳал этилди.

Юқоридаги мисоллар кўрсатяптики, шаҳарда ҳам деҳқончилик қилиб, рўзғор каму кўстини тўлдириш мумкин.Фақат кишида озгина иштиёқ, ҳавас, интилиш бўлса, бас.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер