“Шаффоф қурилиш” тизими нима?

16:11 11 Февраль 2020 Иқтисодиёт
10180 0

Одамлар турмуш шароитлари яхшиланишида қурилиш соҳасининг ҳам ўз ўрни бор. Бинобарин, давлатимиз раҳбари бир қатор чиқишларида мамлакатимиздаги қурилиш ишларини жадаллаштириш, бу жараёнда, аввало, сифат ва самарадорликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, қурилишни коррупциясиз соҳага айлантириш, шаффофликни кучайтириш, ахборот коммуникация технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича кўрсатмалар бергани бежиз эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида шулар хусусида сўз юритилди.

Қайд этилдики, бугунги кунда вазирлик томонидан бир қатор электрон дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, қурилиш соҳасида коррупция ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали қурилиш жараёнларининг барча босқичида жамоатчилик учун шаффофликни таъминлаш мақсадида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими устида иш олиб бориляпти.

Хўш, ушбу тизим ва қандай афзалликларга эга?

Мутахассисларнинг айтишича, бу орқали объектлар қурилишини молиялаштиришда пудратчи билан буюртмачи ўртасида шартнома имзоланганлиги ва аванс маблағлари тўланганлиги, ойма-ой бажарилган ишларнинг ҳисоботини юритиш ҳамда бажарилган ишларга нисбатан мутаносиб равишда молиялаштирилганлиги тўғрисидаги аниқ маълумотларнинг электрон базаси шакллантирилади.

Унда, шунингдек, объектлар қурилишида иштирок этаётган барча пудратчи ва ёрдамчи пудратчилар ҳақида маълумотларни йиғиш, бажарилган иш ҳажмлари асосида тўловларни ўз вақтида амалга ошириш, улар томонидан амалга оширилаётган иш турлари бўйича маълумотлар акс эттирилади.

Тизим қурилиш жараёнини назорат ва мониторинг қилишда уларни рўйхатга олиш, ҳудудий назорат инспекциялари томонидан амалга оширилаётган назорат текширувларини ва кўрсатиб ўтилган камчиликларни қайд этиш, уларни бартараф этиш бўйича маълумотлар ўз ичига олади.

Қурилиш назорати тўлиқ рақамлаштириладиган бўлса, назорат инспекторларига ҳам қулайлик туғдиради. Шунингдек, вазирлик инспекторлар фаолиятини тўлиқ назорат қилиши таъминланади. Натижада коррупциянинг олди олиниб, жараён шаффофлашади. Бу, ўз навбатида, тадбиркор-пудратчилар фаолиятининг ҳам енгиллашишига хизмат қилади. Ортиқча сарсонгарчилик ва қоғозбозликка барҳам берилади.

“Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими 2021 йил 1 январга қадар республикамизнинг барча ҳудудида реал вақт режимида ишлай бошлайди.

Бундан ташқари, соҳага “Шаҳарсозлик кадастри” Геоахборот тизими ҳам жорий этилади. Ушбу тизимга Ўзбекистон Республикасининг бош режалари жойлаштирилади, у жорий йилнинг 1 мартидан ишга туширилади.

Яна бир маълумот, вазирлик расмий сайтида “қурилиш жараёни калкулятори” жойлаштирилиши режалаштирилган. Истаган киши, у инвестор бўладими ёки маҳаллий тадбиркор ундан хоҳлаган вақтида фойдаланиши мумкин. Дейлик, бирор бир объект қурмоқчи. Бунинг учун ишни нимадан бошлаш керак, қандай босқичлардан ўтилади, ёки қайси ҳужжатлар талаб этилади, қўйингки сарфланадиган маблағ ва вақт ҳам унда аниқ кўрсатилади.

Ушбу ўзгаришларнинг барчаси қонунчиликда ҳам ўз аксини топади. Бу борадаги ишлар 2025 йилга қадар давом этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер