Сергелида содир бўлган ЙТҲ оқибатида бир киши вафот этгани маълум бўлди
Фото: Видеодан кадр
Аввалроқ Тошкент шаҳри Сергели туманида 3 та автомашина иштирокида даҳшатли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Пойтахт ЙҲХБ мазкур ҳодиса бўйича қўшимча маълумот берди.
Билдирилишича, кеча, 09 июль куни соат 19:40 ларда содир бўлган ҳодисада 43 ёшли (аёл) Д.У. бошқарувида бўлган «Spark», 22 ёшли (эркак) И.М. бошқарувидаги «Honda» ва 40 ёшли (эркак) А.А. бошқарувида бўлган «Spark» русумли автомашиналар иштирокида тўқнашув юз берган.
ЙТҲ оқибатида Д.У. бошқарувидаги «Spark» йўловчиси бўлган 33 ёшли (аёл) С.Х. шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан олган тан жароҳатлари билан вафот этган.
Шунингдек, ушбу йўл транспорт ҳодисаси туфайли «Spark» русумли автомашина ҳайдовчиси Д.У. ва «Honda» русумли автомашина йўловчиси 22 ёшли (аёл) М.Р.лар тан жароҳат олиб шифохонага ётқизилган.
Маълум қилинишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг