Сенатор вазирнинг жавобидан қониқмади

15:56 30 Ноябрь 2019 Жамият
1404 0

Сенатнинг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Фаррух Саидаҳмедов Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовга савол билан мурожаат қилди:

- Хабарингиз бор, 2018 йилда “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида” Қонун қабул қилинди. Қонунга биноан, Бандлик вазирлиги кўпчилик шахсларга шу йўналишда фаолият юритиш учун лицензиялар берди. Қисқа вақт ичида бу агентликлар айниқса, ёшларимизни алдаб, ривожланган чет давлатларга ишлаш учун юборамиз, деб алдади. Юзлаб, минглаб ёшларимизнинг миллиардлаб пулини олиб, бу пуллар бугунги кунда йўқ бўлиб кетди. Тўғри, жиноий иш қўзғатилди, кимлардир айбдор деб топилди. Лекин қонунларимиз шу пулларни тўлаган фуқароларни қандай ҳимоя қила олади?

Саволим шундан иборатки, Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистоннинг четда ишлаётган фуқароларини ғамини еб, қандай тадбирлар йўлга қўйилган. Яхши иш топиш мақсадида, кимлардандир қарз олиб пул тўлаган фуқароларнинг ҳуқуқларини ким ҳимоя қилади? Нега уларни ҳимоя қилиш механизми ишлаб чиқилмаган? Нега бу ишларни орқасидан кимлардир миллиард миллиард пулларни еб кетади? Уларни кўз ёшига ким жавоб беради?

Бу биринчи саволим. Иккинчи саволим: шу пуллар банкка туширилган. Қанақа қилиб банклар 500, 600 миллионлаб пулларни йўқ қилиб юборишди. Бунга уларнинг қандай асослари бор?

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов:

- Тўғри, гапингизда жон бор. Айни пайтда 4 та хусусий бандлик агентлигининг фаолиятида шу каби ноқонуний фаолият юритилгани аниқланди. Бир қанча фуқаролар билан хизмат кўрсатиш ҳақидаги шартнома қўпол бузилган. Бунга жавобан вазирлигимиз томонидан мавжуд қонунчиликка асосан қўшимча чора тадбирлар ишлаб чиқилди. Айни пайтда Қонунчилик палатасида шу юзасидан янги қонун лойиҳаси киритилган.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Фаррух Саидаҳмедов: 

- Бу жавоб мени умуман қониқтирмади. Бу фақат жавобни олиб қочиш бўлди. Қонунда бу юзасидан маъмурий ва жиноий жавобгарлик хусусида сўз бор. Гап шундаки, нимага қонун чиққандан кейин ҳимоя механизми ишлаб чиқилмаган? Бу арзимаган нарса, аслида. Банкка пул топшириб қўйиб, одамлар миллиардлаб пулларни йўқотмаслиги керак. Нимага шу пайтга қалар бунинг аниқ механизми ишлаб чиқилмаган?

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов:

- Тўғри, жуда жиддий масалани кўтардингиз. Бу масалада қонун қабул қилинганидан кейин, одамларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш механизми ишлаб чиқилмаган. Бу эскитдан жуда оғир соҳа. Бу борада иш олиб борамиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер