Сенати Раиси Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ташкил этилган тадбирда иштирок этди
Ҳар қандай мамлакат ва жамиятнинг тараққиёти ва маданий даражаси хотин-қизларга бўлган муносабат билан белгиланади. Шу жиҳатдан Ўзбекистонда бу йўналишда тизимли ва комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Пойтахтимизда ўз ишини давом эттираётган Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳам ушбу масалага эътибор қаратилди.
Форум доирасида “Кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантиришда аёлларнинг ўрнини мустаҳкамлаш” мавзусида ўтказилган тадбирда иштирок этган Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева мамлакат иқтисодиётида хотин-қизларнинг улуши ортиб бораётганига алоҳида эътибор қаратди.
— Бугунги нуфузли форумда фаол ва ишбилармон аёлларимиз ҳам иштирок этаётгани жуда қувонарли, — деди Т.Нарбаева. — Бу хотин-қизларнинг жамият ҳаётида муҳим ўрин тутаётгани, иқтисодиёт ривожига ҳисса қўшаётганининг яққол исботидир. Ҳақиқатан, аёлларга ожиза деб қарашдек стереотиплар бугунги кунда барҳам топмоқда, муҳими уларнинг ўзига бўлган ишончи ортмоқда. Улар турли жабҳаларда фаол меҳнат қилиш билан бирга нуфузли соҳа ва йўналишларда асосий роль ўйнамоқда, раҳбарлик лавозимларини эгаллаб, фаолиятини муваффақиятли амалга оширмоқда. Гендер тенгликни таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича яратилган зарур имкониятлар бунга кенг йўл очди.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистонда парламентдаги хотин-қизлар сони қарийб 32 фоизга етди. Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга, партияларда 48 фоизга, олий таълимда 49 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди. Бугунги кунда мамлакатимизда вазир, ҳоким, элчи, ректор, шунингдек ҳуқуқ-тартибот органларида ҳам раҳбарлик лавозимларида аёллар фаолият юритмоқда.
Хотин-қизларнинг таълим олиши, билим даражасини, малакасини оширишга эътибор кучайтирилди. Натижада қизлар, аёллар замонавий билим ва ҳунарларни эгаллаш, жумладан, замонавий ахборот технологияларини бошқариш лаёқатига эга бўлмоқда.
— Мактабгача таълим тизимига ўғил-қизларни қамраб олиш даражаси бугунги кунда 80 фоизга етди, — деди Сенат Раиси. —Илгари бу бор-йўғи 17 фоизни ташкил этган. Демак, қизларимиз боғча ёшидан бошлаб билим, тарбия олади. Бу мактабда, кейинчалик олий ўқув юртларида давом этади. Гендер тенгликни таъминлашга қаратилган дастурда бу кўзда тутилган эди ва бу борада салмоқли натижага эришилди. Эътиборлиси, гендер тенглик принциплари янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам белгиланмоқда ва бу давлат томонидан аёлларга бўлган алоҳида эътиборни кўрсатади ва, ўз навбатида, аёлларнинг давлат ва ижтимоий ҳаётдаги ролини ошириб, уларнинг ўз имкониятларини намоён қилишига хизмат қилади.
Маълумки, 2020-йилдан ижтимоий ҳимояга муҳтож оила қизларига олий таълимга ўқишга кириш учун квоталар жорий этилди. 2022-2023-ўқув йилидан олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун фоизсиз таълим кредитлари жорий қилинди. Магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг шартнома тўловларини давлат ҳисобидан қоплаш тартиби белгиланди. Ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим шартномаларини маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қоплаш тартиби жорий қилинди.
— Ютуқлар замирида нафақат яратилаётган имкониятлар, балки аёлларимизнинг интилиши ва ўзларига бўлган ишончи мужассам ва бу мустаҳкам бўлиши керак, — деди Сенат Раиси. — Олдимизга қўйган мақсад ва режаларимизни амалга оширишда, албатта, уларни моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ҳам муҳим ўрин тутди. Бу борада бизга фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, журналистлар, блогерлар яқиндан кўмак кўрсатаётгани мамнуният билан таъкидлаб ўтмоқчиман. Аммо ҳали қилинадиган ишларимиз ҳам жуда кўп. Эзгу мақсадимиз аёллар фаоллигини ошириш орқали уларнинг оилалари ободлиги, барқарорлиги, пировардида, жамият равнақини таъминлашдир.
Тадбир иштирокчилари томонидан муҳокамалар давомида қизларга бизнес, давлат ва жамиятни бошқариш ваколатига эга бўлган фаол шахс сифатида ўсишига кўмаклашиш, олий ва ўрта махсус ўқув юртларида ўқиётган қизлар сонини кўпайтириш, уларга кенгроқ имконият бериш каби масалаларга эътибор қаратилди. Шу билан бирга, кичик ва ўрта бизнесни бошлашда аёллар дуч келаётган тўсиқлар, уларни бартараф этиш ҳамда турмуш даражасини яхшилаш, нафақат бизнесдаги аёллар сонини, балки аёллар бошчилигидаги бизнес турларини кўпайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг