Сенатда Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

23:18 27 Март 2026 Сиёсат
464 0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Корея Республикаси Миллий Ассамблеясининг Ташқи ишлар ва бирлашиш қўмитаси раиси Ким Сок Ки билан учрашув ўтказди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги муносабатлар ишонч, ўзаро ҳурмат ва стратегик шериклик тамойиллари асосида изчил ривожланиб бораётганини таъкидланди. Олий даражадаги мулоқотлар доирасида эришилган келишувларнинг амалий ижроси ижобий баҳоланди.

Парламентлараро ҳамкорликнинг сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилгани қайд этилди. Хусусан, Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг учинчи йиғилиши самарали ўтгани таъкидланди. Ушбу формат долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва уларга биргаликда ечим топиш учун самарали платформа экани қайд этилди.

Учрашувда парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини фаоллаштириш, олий даражадаги келишувлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш, тегишли қўмиталар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, қонунчилик соҳасида тажриба алмашиш, жумладан «яшил» иқтисодиёт, сунъий интеллектни жорий этиш ва камбағалликни қисқартириш каби йўналишларда ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.

Савдо-иқтисодий, инвестиция, шунингдек, туризм, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Учрашув якунида томонлар парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканини тасдиқлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер