Сенат қўмиталари ва маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари ҳамкорлиги кучайтирилмоқда
Олий Мажлис Сенати томонидан маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари аъзоларининг билим ва кўникмаларини ошириш, қонунчиликдаги янгиликлар билан таништириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида семинарлар ташкил этилмоқда.
Жорий йилнинг 13-15 апрель кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгаши доимий комиссиялари раҳбарлари Сенат қўмиталарида амалиёт ўташади. Шунингдек, халқ депутатлари Сирдарё вилояти маҳаллий Кенгаши котибияти ходимлари Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш марказида малака ошириш курсларида иштирок этади.
Мазкур амалиёт давомида тадбир иштирокчилари Сенат қўмиталари ҳамда Марказ фаолияти билан танишади. Шунингдек, маҳаллий Кенгашларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига оид долзарб масалаларда маҳаллий вакиллик органларининг иштирокини ошириш бўйича муҳокамалар ўтказилади.
Бундан ташқари, амалиётчилар қонунчилик жараёнига маҳаллий Кенгашлар депутатларини жалб қилиш, уларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш ҳамда қабул қилинаётган қонунларда ҳудудий хусусият ва имкониятларни акс эттириш бўйича кўникмаларга эга бўлади.
Ушбу тадбирлар доирасида Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссия раиси Туйчиев Анвар бошчилигида йиғилиш ўтказилди. Унда маҳаллий Кенгашлар ва доимий комиссиялар фаолиятини такомиллаштириш, Сенат қўмиталари ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, маҳаллий ижро ҳокимияти устидан назорат самарадорлигини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг