SAT сертификатига эга абитуриентлар қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади
Янги ўқув йилидан бошлаб SAT сертификатига эга абитуриентлар қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади. Бу ҳақида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон қарорига мувофиқ, халқаро имтиҳон тизими бўйича бир қатор тартиблар белгиланган.
Жумладан, абитуриент «College Board» ташкилоти томонидан ўтказиладиган SAT имтиҳонида максимал баллнинг камида 75 фоизини, яъни 1 200 балл ва ундан юқори натижани қайд этган бўлиши лозим.
Мазкур сертификатга эга абитуриентлар, агар сертификат фанлари (математика ва чет тили) танланган бакалавриат йўналиши имтиҳонлар мажмуасида мавжуд бўлса, олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
Шунингдек, 2026-2027 ўқув йили қабул жараёнида имтиёздан фойдаланиш учун SAT сертификатлари расмий платформа орқали 35787 DI коди билан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига юборилиши керак.
Маълумот учун, фақат DI код орқали юборилган сертификатлар қабул жараёнида ҳақиқий ҳисобланади. Қўлда юклаш ёки скриншотлар қабул қилинмайди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг