Саноатчиларнинг муҳим анжумани
Фото: Алихан Утарбеков/«Халқ сўзи»
Пойтахтимиздаги “Ўзэкспормарказ” мажмуасида Ўзбекистон саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўз ишини бошлади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари, Савдо саноат палатаси каби ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилган мазкур тадбир давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 майдаги “Саноат кооперацяисини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 30 сентябрдаги “Саноат ярмаркалари ва электрон кооперация биржаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”и қарорлари асосида ўтказилмоқда.
Унинг очилиш маросимида алоҳида қайд этилганидек, мазкур ярмарка саноатчиларнинг йирик анжумани сифатида рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришда, ички тармоқ ва тармоқлараро алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Бинобарин, унда соҳа вакилларига янги ҳамкорлар топиш, буюртмалар портфелини шакллантириш, қўшимча шартномалар имзолаш учун қулай шарт-шароитлар яратилганки, бу иқтисодиёт тармоқлари, айниқса, саноатни ривожлантиришда катта имкониятлар эшигини очади.
Ўзбекистон саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида республикамиздаги 1000га яқин саноат ишлаб чиқарувчилари 10 мингдан ортиқ маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг