“Сангардак чеварлари” иш бошлади

18:03 19 Сентябр 2019 Жамият
2668 0

Сариосиё туманидаги Сангардак қишлоғида “Ўзпахтасаноат” АЖ томонидан қуриб битказилган тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжаллаган “Сангардак чеварлари” корхонаси иш бошлади. Мазкур ҳудуддаги 14 та қишлоқда яшовчи хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мажмуада 600 та янги иш ўрни яратилди. Корхонанинг тақдимот маросими қишлоқ одамлари учун чинакам байрам тусини олди. Унда вилоят ва туман ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар вакиллари иштирок этди.

Енгил конструкцияли қурилиш материалларидан фойдаланиб, 2 ой муддатда қуриб битказилган мажмуада кийиниш, ювиниш, дам олиш ва тиббиёт хоналари, ошхона каби зарур шароитлар муҳайё этилган. Энг муҳими, корхона Хитой, Туркия ва Японияда ишлаб чиқарилган энг замонавий тикув машинка ва дастгоҳлари билан жиҳозланган. Мажмуани қуриш ва жиҳозлаш ишларига 10 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилди.

- “Обод қишлоқ” дастури асосида ҳудудимиз кун сайин обод ва кўркам бўлиб, одамларимизнинг ҳаёти фаровонлашиб бормоқда, - дейди корхонада иш бошлаган 60 ёшли Нуринисо Икромова.- Авваллари колхозда ишлаганман. Шундан сўнг кўпдан буён ишсиз эдим. Кўпчилик аёллар қатори янги иш бошлаган тикувчилик мажмуасида иш бошлаганим туфайли ич-ичимдан суюнмоқдаман. Рости, барча аёлларимиз қалбида бир ёриқлик балқигандек бўлди. Қувончимиз ичимизга сиғмаётир. Чунки, вилоят марказидан 200 километр узоқликда жойлашган олис қишлоғимизда шундай корхона барпо бўлишини сира ҳам кутмагандик. Бунинг учун давлатимиз раҳбаридан жуда миннатдормиз.

- 11 йилдан буён ишсиз эдим,- дейди биз билан суҳбатда тикувчи Маҳлиё Асомиддинова, - Янги корхонада нафақат мен, балки, онам ва синглим ҳам иш бошлади. Ҳозирга қадар тикувчилик бўйича 2 ойлик махсус курсда ҳам таҳсил олдик. Енгил ва мураккаб моделлар бўйича кўникмаларимизни бойитдик.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон ҳудудларида тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида, аввало, аҳоли зич яшайдиган, меҳнат ресурслари кўп ҳудудлар танлаб олиниб, узоқ қишлоқ аёлларининг бандлигини таъминлашга эришилмоқда. Мазкур мажмуаларда асосан трикотаж маҳсулотлари тайёрланиб, хорижга экспорт қилиш назарда тутилган.

Дилимдагини айтадиган бўлсам, бир оиладан уч киши иш билан банд бўлганимиз боис, бирдек севиндик. Бугун тўйга, байрамга ошиққандек, биргалишиб корхонанинг очилиш маромига келдик. Тақдимот маросим таассуротлари бир умрга хотирамизга муҳрланадиган бўлди. Қишлоқ аёлларининг дилидаги ажиб туйғуларни ҳис қилиш учун уларнинг юз-кўзига боқишнинг ўзи кифоя, деб ўйлайман. Аёлларга кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик ва меҳр-муҳаббат учун биз ниҳоятда миннатдормиз.

Давлатимиз раҳбарининг 5 та муҳим ташаббуси ижроси, хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур корхонада келгусида ишчилар сонини минг нафарга етказиш кўзда тутилган.

“Ўзпахтасаноат” АЖ олинган маълумотга кўра,жорий йилнинг шу даврига қадар узоқ қишлоқлар ҳудудида 70 та тикув-трикотаж мажмуалари ишга туширилиб, 32 мингдан зиёд янги иш ўринни яратилди. Улардан 5 таси Сурхондарё вилоятининг энг чекка ҳудудларида ташкил этилиб, ишсиз хотин-қизлар бандлиги таъминланди.

Янги корхонанинг очилиш марсимида Ўзбекситон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси Т. Худойберганов иштирок этди.

Илҳом РАҲМАТОВ, “Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер