СамДТУ илмий-амалий марказида эпилепция касаллигини жарроҳлик йўли билан даволаш йўлга қўйилди

19:07 20 Ноябрь 2023 Жамият
438 0

Фото: СамДТУ Ахборот хизмати

Самарқанд давлат тиббиёт университети (СамДТУ) Нейрохирургия кафедрасида Россия Федерациясининг Тюмень шаҳридаги Федерал Нейрохирургия маркази директори, Россия Фанлар Академияси академиги, т.ф.д., профессор А. Суфианов ва шу марказнинг Болалар нейрожарроҳлик бўлими мудири, т.ф.н., доцент Й. Якимов иштирокида Халқаро илмий-амалий семинар ва мастер-класс ташкил этилди.

Тюмень Федерал Нейрохирургия марказида бир йил давомида нейрохирургиянинг барча соҳаларини қамраб олган 4 мингдан ортиқ ҳар хил турдаги мураккаб технологияли нейрожарроҳлик операциялар ўтказилади ва ушбу марказ бу борадаги етакчи клиникалардан ҳисобланади.

СамДТУ Нейрохирургия кафедраси ва Тюмень Федерал Нейрохирургия маркази ўртасида бир неча йиллик илмий-амалий алоқалар мавжуд бўлиб, ўзаро келишувга кўра СамДТУ ёш нейрохирурглари Тюмендаги марказда стажировка ўтиб, малака оширмоқдалар. Жумладан, 2022 йилда Нейрохирургия кафедраси ассистенти З. Ҳусанов Тюмень Федерал Нейрохирургия Марказида “Трансназал транссфеноидал нейроэндоскопик усулда гипофиз ўсмалари жарроҳлиги” мавзусида малака ошириб қайтди ва шу турдаги операциялар клиника амалиётига жорий қилинди.

Эпилепция касаллиги ҳозирги замон нейрохирургия ва неврологиясининг энг долзарб муаммоларидан бири бўлиб, мамлакатимизда ушбу касаллик билан касалланганлар сонининг кўплиги, касаллик туфайли ҳаёт сифатининг ва меҳнатга лаёқатлиликнинг пасайиши ушбу касалликнинг аҳамиятини янада оширади. Ҳозирги кунда эпилепцияни даволашда қўлланилувчи антиконвулсант (антиэпилептик) препаратлар 80-85 фоиз ҳолатларда самара беради. Аммо, қолган 15-20 фоиз беморларда ушбу препаратларни қабул қилиш фонида ҳам эпилептик хуружлар давом этаверади ва эпилепцияни тўхтатиш ёки камайтириш имконияти бўлмайди. Бу ҳолат тиббиётда фармакорезистент эпилепция дейилади ва бундай беморлар жарроҳлик йўли билан даволанишга муҳтождирлар. Мамлакатимизда шу пайтгача эпилепция касаллиги фақатгина консерватив йўл билан даволанган бўлиб, эпилепция жарроҳлиги амалга оширилмаган эди.

Эпилепцияни жарроҳлик йўли билан даволашнинг бир қанча йўллари мавжуд бўлиб, профессор А. Суфианов ва унинг жамоаси эпилепция касаллигини микрожарроҳлик усулда даволаш тажрибаси бўйича жаҳондаги етакчилардан ҳисобланади. Тадбирнинг биринчи қисмида профессор А. Суфианов томонидан “Эпилепция хирургиясининг замонавий ютуқлари ва муаммолари” мавзусида илмий маъруза қилинди.

Тадбирнинг амалий қисмида эса, мамлакатимизда, хусусан Самарқандда эпилепция касаллигини жарроҳлик йўл билан даволаш усулларини йўлга қўйиш мақсадида тюменлик мутахассислар иштирокида мастер-класс ташкил этилди. Тадбир доирасида СамДТУ ҳузуридаги Нейрохирургия ва нейрореабилитация ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази асосини ташкил этадиган СамДТУ Кўп тармоқли клиникасида жойлашган СамДТУ Нейрохирургия кафедраси ва клиникасида мамлакатимизда биринчи марта эпилепция касаллигини жарроҳлик йўли билан даволаш бўйича мураккаб технологияли миниинвазив нейроэндоскопик операция муваффақиятли амалга оширилди.

Бунинг учун узоқ йиллардан буён эпилептик хуружлар кузатилган, бир қанча антиэпилептик препаратлар қабул қилишига қарамасдан хуружлар частотаси камаймаган, 2011 йилда туғилган Х.А. исмли беморда зарур барча текширувлардан ўтказилиб, россиялик мутахассислар, кафедра ва клиника нейрохирурглари, анестезиолог-реаниматологлар ва педиатрлар томонидан муҳокама қилинди. Операцияга қарши кўрсатмалар аниқланмади ва бемор режали равишда операцияга тайёрланди. Операция жараёнида профессор А. Суфианов ва доцент Й. Якимовга СамДТУ нейрохирургия кафедраси мудири, доцент М. Алиев ва кафедра ассистенти З. Ҳусановлар ассистентлик қилишди.

Нейрохирургия клиникаси СамДТУ Илмий Кенгаши қарори ва бевосита университет ректорининг ташаббуси билан замонавий юқори технологияли нейроэндоскоп ва C-Arm каби аппаратлар билан жиҳозланган эди ва операция ушбу аппаратлар ёрдамида амалга оширилди. Шунингдек, операция жараёни 4К видеокамера орқали ўқув хоналарига онлайн трансляция қилинди ва Нейрохирургия талабалар илмий жамияти аъзоларига операция жараёнини тўлиқ кузатиш имконияти яратилди. Операция жараёни қарийб 5 соат давом этди ва муваффақиятли бажарилди. Беморнинг операциядан кейинги умумий аҳволи қониқарли, соматик аъзолари фаолияти мўътадил, неврологик жиҳатдан дефицитлар кузатилмади, эпилептик хуружлар қайд қилинмади.

Ушбу мураккаб технологияли операция мамлакатимиз нейрохирургиясида эпилепция касаллигини нейроэндоскопик хирургик йўл билан даволашдаги илк қадам бўлди. Операциядан сўнг СамДТУ Нейрохирургия кафедраси ва Россия Федерациясининг Тюмень шаҳрида жойлашган Федерал Нейрохирургия маркази ўртасида кадрлар тайёрлаш, СамДТУ ҳузуридаги Нейрохирургия ва нейрореабилитация ихтисослаштирилган илмий-амалий марказида Эпилепция жарроҳлигини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер