Самарқанддаги «Ички туризм ярмаркаси» бўлиб ўтди
Фото: "Халқ сўзи"
Абдулазиз Йўлдошев/«Халқ сўзи». Регистон ансамблида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида бўлиб ўтган «Ички туризм ярмаркаси»да Республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган сайёҳлик фирмалари, туроператорлар, жойлаштириш муассасалари ва соғломлаштириш маскани вакиллари, талабалар, шунингдек, Самарқанд шаҳри меҳмонлари йиғилди.
Самарқанддаги «Ички туризм ярмаркаси» иштирокчилари бўлган Ўзбекистоннинг бир қанча вилоятларидан ташриф буюрган юзга яқин тадбиркорлик субъектлари истиқболли қўшма лойиҳа ва янги туристик маҳсулотлар бўйича ғояларни муҳокама қилиш, бизнес ҳамкорлар билан алоқа ўрнатишга муваффақ бўлишди.
Кўргазмада фақатгина сайёҳлик фирмалари эмас, балки уларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳам ўз хизматлари, маҳсулотлари билан иштирок этишди. Улар томонидан намойиш этилган маҳсулотлар кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
— Мирзо Улуғбек мадрасаси ҳовлисида ўтказилган ярмаркада юртимизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган тадбиркорлар ички туризм бўйича ўз имкониятларини намойиш этиб, ўзаро ҳамкорликни ўрнатиш имкониятига эга бўлишди, дейди вилоят Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Нарзиқулов. — Ушбу тадбир юртимизда ички туризмни ривожлантириш, туризм йўналишида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Ярмарка доирасида туризм соҳасини ёш кадрлар билан таъминлаш мақсадида «Career-2024» ўтказилди ва «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети ҳамда Самарқанд туризм ва маданий мерос коллежи талабалари потенциал иш берувчилардан бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотга эга бўлишди.
Шунингдек, ярмарка давомида ташкил этилган маданий-кўнгилочар дастур ҳамда самарқандлик ҳунармандлар томонидан тайёрланган миллий маҳсулотлар, кийимлар намойишлари ҳам тадбир меҳмонларида алоҳида қизиқиш уйғотди.
Ярмарка якунида «Ички туризм ярмаркаси» фаол иштирокчилари Самарқанд вилояти туризм бошқармаси томонидан тақдирландилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг