Самарқандда замонавий меҳмонхоналар кўпаймоқда
Фото: Халқ сўзи
Самарқандда туристлар оқимини кўпайтириш ва уларга жаҳон андозалари даражасида хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш ишлари изчил олиб борилмоқда. Бунда, айниқса, Самарқанд вилоят туризм ва маданий мерос бошқармаси томонидан инфратузилма объектларини ва хизмат кўрсатиш турларини кенгайтириш, соҳа ходимларининг касбий маҳоратини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йил бошида вилоятда бир вақтнинг ўзида 11 мингга яқин сайёҳни қабул қила оладиган 158 та меҳмонхона мавжуд эди. Наврўз кунлари яна иккита замонавий меҳмонхонанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Хоналар сони 68 тадан иборат “KHAN HOTEL SAMARKAND” меҳмонхонаси шарқона услубда қурилган ва жиҳозланган. Унинг кўҳна кентнинг тарихий қисмида – Шоҳи Зинда мажмуаси рўпарасида жойлашгани хорижлик меҳмонлар учун жозибадорлигини янада оширади.
Мазкур меҳмонхонанинг лойиҳа қиймати 1,5 миллион долларни ташкил этади. Унда ётоқхоналардан ташқари фитнес зали, сауна, конференциялар зали ва 52 ўринли банкет зали мавжуд. Янги меҳмонхонанинг ишга тушиши билан элликка яқин киши бандлиги таъминланди.
Наврўз умумхалқ байрами кунлари, шунингдек, шаҳарнинг Даҳбет кўчасида янги қурилган “SAMARIA HOTEL-M” меҳмонхонаси ҳам сайёҳлар учун ўз эшикларини очди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 22,3 миллиард сўм сарфланди ва бугунги кунда 33 киши бу ерда хизмат кўрсатмоқда.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг