Самарқандда WORLD EDU 2026 халқаро таълим кўргазмаси бўлиб ўтди

18:15 11 Апрель 2026 Жамият
445 0

SOF EXPO кўргазма майдонида ўтказилган Марказий Осиёдаги энг йирик таълим тадбирида Ўзбекистондан ташқари Европа, Россия, Беларус, Туркия ва Қозоғистон каби 10 дан ортиқ мамлакатлардан етакчи университетлар, таълим ташкилотлари, консалтинг компаниялари ва ўқув марказлари иштирок этди.

WORLD EDU 2026 абитуриентлар, талабалар ва уларнинг ота-оналари учун асосий платформа вазифасини ўтаб, бу ерда улар халқаро ва маҳаллий университетларга кириш, таълим грантлари ва стипендиялари, халқаро имтиҳонлар, замонавий таълим дастурлари бўйича энг сўнгги маълумотларга эга бўлдилар.

— WORLD EDU 2026 халқаро таълим кўргазмасининг Самарқанд шаҳрида ўтказилиши ҳудуднинг таълим ва бизнес инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим қадам ҳисобланади, — дейди SOF EXPO Самарқанд кўргазма мажмуаси директори Аҳмад Тожибоев. — Бугунги кунда сифатли таълим ва халқаро ҳамкорликка бўлган қизиқиш барқарор ўсиб бормоқда ва бундай тадбирлар талабалар, таълим муассасалари ҳамда профессионал жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорлик учун муҳим платформа вазифасини бажаради. WORLD EDU нафақат кўргазма, балки тажриба алмашиш, таълим имкониятларини тақдим этиш ва янги ҳамкорликларни шакллантириш учун самарали воситадир. Ишонамизки, Самарқандда шундай халқаро тадбирларни ўтказиш шаҳарнинг Марказий Осиёдаги таълим ва кўргазма туризми марказларидан бири сифатидаги мақомини янада мустаҳкамлайди.

WORLD EDU барқарор ўсишни намойиш этмоқда ва минтақанинг асосий таълим тадбири сифатидаги мавқеини мустаҳкамламоқда. Хусусан, жорий йилда мазкур тадбирга 4000 дан ортиқ мақсадли ташриф буюрувчилар келишди.

Кўргазма географиясининг кенгайиши ва бўлажак талабаларнинг қизиқиши ортиб бораётгани кўргазманинг долзарблигини ва халқаро таълимга бўлган талабнинг ортиб бораётганини кўрсатади.

WORLD EDU 2026 халқаро ҳамкорлик, академик мобиллик ва глобал бозорда талаб юқори бўлган янги авлод мутахассисларини ривожлантиришга ёрдам беради. Шунингдек, кўргазма нафақат таълим танлови платформаси, балки минтақада инсон капиталини ривожлантиришнинг муҳим воситасига айланиб бормоқда.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер