Самарқандда цемент-бетон қопламали йўллар кўпаймоқда

11:47 26 Ноябрь 2023 Жамият
379 0

Фото: “Халқ сўзи”

Жорий йилда Самарқанд вилоятида йўл хўжалиги соҳасида бир қанча бунёдкорлик ишлари олиб борилди ва бу ишлар бугунги кунда ҳам давом этмоқда.

Жумладан, биргина инвестиция дастурига асосан 2023-йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига асосан узунлиги 26,0 км. автомобиль йўлларида таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Тўла таъмирлаш дастурига кўра, умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларида узунлиги 33,2 км. йўл қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда ва йил якуни билан бу ишлар ҳам тўлиқ бажарилади.

Давлатимиз раҳбарининг 2022-йил 18 майдаги “Цемент-бетон қопламали автомобиль йўллари тармоғини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида ҳам Самарқанд вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугун жаҳон тажрибасида синалган цемент-бетон қоришмасидан қилинаётган йўллар анчагина камхарж ва узоқ муддат чидамлилиги эътиборга олинган бўлиб, автомобиль йўллари цемент-бетон қопламаси асосида таъмирланяпти.

Шу боис охирги йилларда вилоятда цемент-бетон қопламали йўллар қуриш кўлами кескин ошди. Айниқса, узоқ вақт таъмирталаб бўлиб қолган ички йўлларга цемент-бетон қопламаси ётқизилаётгани аҳолига ҳам анча маъқул келмоқда. Маҳалла ва гузарлардаги йўллар тобора равонлашиб боряпти.

Жорий йилда шаҳар ва қишлоқлардаги маҳаллалар ички йўлларида жами 1666,6 км. цемент-бетон, асфальтлаш ва шағаллаштириш ишлари амалга оширилди.

Жумладан, Ургут туманининг Менганча маҳалласида бунёд этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивидаги ички хўжалик йўллари айнан цемент-бетон қопламаси асосида таъмирланмоқда.

Жорий йилда бу ердаги аҳоли яшаш масканида 2 километр йўлга цемент-бетон қопламаси ётқизиш режалаштирилган. Амалга оширилаётган ишлар, “Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонаси томонидан мувофиқлаштирилмоқда.

“Sam NYU TICH” МЧЖ қурувчилари томонидан бугунга қадар 1 километрдан ортиқ йўл таъмирланди. Инновация асосда йўлларни таъмирлашда, йўлни асос қисмининг сифатли тайёрланганлиги муҳим аҳамият касб этишини яхши англаган қурувчилар бу масалага жиддий аҳамият беришяпти.

Яна бир гап, цемент-бетон қопламали йўлларда йўлнинг ўтказувчанлик қувватига қараб, базальт сим-тўрлардан хам фойдаланилади. Бу эса йўлнинг узоқ вақт хизмат қилишини таъминлайди.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер