Самарқандда сайловга тайёргарлик қизғин
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Самарқанд вилояти ҳудудий сайлов комиссияси ўз ваколати доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказишни ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириб бормоқда.
Бугунги кунда вилоятда тузилган сайлов участкаларида номзодларга оид маълумотлар, Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган намунадаги овоз бериш бюллетени ва уни тўлдириш тартиби жойлаштирилган. Шунингдек, сайлов санасига бағишланган плакатлар, сайлов участкасининг харитаси, участка комиссияси аъзоларининг таркиби, иш режаси, навбатчилик жадвали, фуқаролар мурожаати учун Марказий сайлов комиссиясининг ишонч телефони ёки электрон манзили, округ комиссияси, тегишли туман (шаҳар) суди ва прокуратураси телефон рақамлари акс эттирилган маълумотлар ҳам қўйилган.
— Марказий сайлов комиссияси томонидан Самарқанд вилоятида Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи бир мандатли 8 та сайлов округи тузилган ва мазкур округлар бўйича бешта сиёсий партия томонидан кўрсатилган 40 нафар номзод рўйхатга олинган. Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш учун эса 60 та сайлов округи тузилиб, комиссиялар таркиби тасдиқланган. Ушбу округлар бўйича бешта сиёсий партиядан кўрсатилган 300 нафар номзодларни рўйхатга олганмиз, — деди Самарқанд вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Хўжақул Муҳаммадиев. — Номзодларни рўйхатга олиш тўғрисидаги қарорлар вилоят, туман ва шаҳар газеталарида, интернет сайтларда, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган. Айни пайтда сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар сайловолди ташвиқотини олиб бормоқда. Бу жараён 22 сентябрдан бошланди ва сайловга бир кун қолгунга қадар давом этади. 26 октябрь сукунат куни ҳисобланади ва бу кун ташвиқот юритишга йўл қўйилмайди. Сайловолди ташвиқоти Сайлов кодекси, Марказий сайлов комиссияси ва вилоят ҳудудий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари асосида олиб борилмоқда.



Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида иштирок этаётган сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари ҳамда депутатликка номзодларнинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастурлари белгиланган тартибда вилоятдаги 1130 та сайлов участкаларининг барчасига етказилган. Дастурлар сайлов участкалари ва ҳудуддаги аҳоли гавжум жойларига белгиланган тартибда жойлаштирилган.
Сайлов кодексига кўра, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Бу жараён 16 октябрдан бошланди ва дастлабки кунда вилоят бўйича 4777 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди.
— Самарқанд туманидаги Оқмачит маҳалласида яшайман. 27 октябрь — сайлов куни сафарда бўлишим, яшаш жойимда бўлолмаслигим туфайли 865-сайлов участкасига келиб, ўз фуқаролик ҳуқуқимдан фойдаландим, — дейди Ислом Нарзиқулов. — Шу пайтгача бизнинг ҳудудда кимлар депутатликка номзодлиги, уларнинг дастурларида нима мақсадлар борлигини билиб олдим. Ўзим муносиб деб билган партия ва номзодларга муддатидан олдин овоз бердим.



Марказий сайлов комиссияси томонидан юборилган Қонунчилик палатаси сайлови бўйича икки турдаги, яъни бир мандатли сайлов округлари ва ягона сайлов округи бўйича ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайлови бўйича муддатидан олдин овоз бериш учун сайловчилар умумий сонининг 10 фоизи миқдордаги сайлов бюллетенлари участка сайлов комиссияларига етказиб берилган.
МДҲ кузатувчилар гуруҳи аъзоси, Ҳамдўстлик ижроия қўмитаси ишлар бошқармаси маслаҳатчиси Денис Варганов Самарқандда бўлиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига тайёргарлик жараёни билан танишди.
— Ўзбекистонда бу галги парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига яхши тайёргарлик кўрилган, — дейди Денис Варганов. — Барча жараёнлар Сайлов кодекси талабларига мос келади. Сайлов участкаларида овоз беришни ўтказиш учун сайловчиларга барча қулайликлар яратилган. Шу билан бирга сиёсий партиялар кузатувчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун алоҳида жойлар тайёрланган.


Халқаро кузатувчи Самарқанд шаҳридаги бир қатор сайлов участкалари фаолиятини кўздан кечирди.
Самарқанд вилояти ҳудудий сайлов комиссияси матбуот маркази берган маълумотга кўра, шу пайтгача вилоятдаги оммавий ахборот воситаларининг 65 нафар ходими Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг