Самарқандда реанимобиллар сони 2 тадан 62 тага ошди

16:42 22 Сентябр 2022 Жамият
1119 0

Фото: Халқ сўзи

Бу ўтган тўрт йил ичида тез тиббий ёрдам хизматидаги ўзгаришларнинг бир кўриниши.

Тез тиббий ёрдам хизмати замонавий тиббиётнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. Эътиборлиси, кейинги йилларда мамлакатимизда ушбу соҳа фаолиятини такомиллаштириш, тегишли малакали тиббиёт ходимлари, тиббий асбоб-ускуна ва транспорт воситалари билан етарли даражада таъминлаш, бу орқали аҳолига сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича чуқур ўйланган ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилмоқда ва бу ўз мевасини ҳам беряпти.

Бугун вилоятда фаолият юритаётган тез тиббий ёрдам станцияларига 30 та “Ford” русумидаги энг замонавий реанимобиллар топширилди.

2016 йилда Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган тез тиббий ёрдам тизими бор йўғи 2 та реанимобил хизматидан фойдаланган бўлса, бугунга келиб, тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида 62 та шундай автотранспорт аҳолига тез тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Реанимобилларни топшириш маросимида сўзга чиққанлар кейинги йилларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида тез тиббий ёрдам хизматига ажратилаётган маблағлар бир неча баробарга оширилганини ва тез ёрдам бригадалари дислокацияси қайта кўриб чиқилиб, қишлоқ оилавий поликлиникаларида янги тез тиббий ёрдам таянч пунктлари ташкил этилганлигини таъкидлашди. Бунинг натижасида тез ёрдам бригадаларининг хизмат кўрсатиш радиуси 15-20 километрдан 8-12 километргача қисқариб, ҳудудлар аҳолиси ва соҳа xодимлари учун қулайликлар яратилди.

Энг муҳими, тизимда фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларининг моддий манфаатдорлиги ошиб, уларнинг олис ҳудудларда фаолият олиб боришлари учун қўшимча имкониятлар яратилди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер