Самарқандда қўлбола ароқ ишлаб чиқарган яширин цех фош қилинди

11:38 14 Апрель 2026 Жамият
223 0

Самарқанд вилоятида қалбаки алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқараётган яширин цех фош этилди. Бу ҳақида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жомбой тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Д.С. «Самарқанд« МФЙ ҳудудидаги хонадонида яширин цех ташкил қилиб, қўлбола усулда алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқараётгани аниқланган.

Тезкор тадбир давомида ушбу яширин цехдан умумий баҳоси 69,8 млн сўмлик 19 100 дона ёрлиқлар, 10 000 дона шиша қопқоқлари, 1 500 дона бўш шиша идишлар, 1 570 дона қалбаки акциз марка, 1 420 литр спирт, 359 дона алкоголь маҳсулотлари ва ишлаб чиқаришда фойдаланилган бошқа маҳсулотлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер