Самарқандда Ўзбекистон ва Хитойнинг маданий-тарихий меросига бағишланган кўргазма бўлиб ўтмоқда

10:20 10 Декабрь 2024 Жамият
352 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Самарқанд давлат музей-қўриқхонасида Ўзбекистон ва Хитойнинг маданий-тарихий меросига бағишланган “Ипак ва Ипак йўли: Ханчжоудан Самарқандгача” деб номланган кўргазма ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи ва Ханчжоудаги Хитой миллий Ипак музейига тегишли ашёлар ҳамда Танг сулоласининг ипакчилик санъати безаклари намойиш қилинмоқда.

— Ханчжоу ва Самарқанд ипак маданияти шаклланган масканлардан бири ва Ипак йўлидаги муҳим марказлардир, — дейди Хитой миллий Ипак музейи директори Жоу Янг. — Шу жиҳатдан Самарқанд давлат музей-қўриқхонасида ўтказилаётган кўргазмада Самарқанддаги нодир экспонатлар, Танг сулоласининг ипакчилик санъати, безак ва нақшлар, Хитой миллий Ипак музейи хазиналаридан ўрин олган коллекциялар экспозицияга чиқарилган.

Дарҳақиқат, Хитой ва Ўзбекистон дунёнинг қадимий цивилизацияларидан саналади. Сўнгги йилларда икки мамлакат раҳбарлари ташаббуси билан стратегик шериклик муносабатлари ва “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасида амалий ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бормоқда. Шунингдек, Хитой миллий Ипак музейи Самарқанд музейи ҳамда Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси билан яқин ҳамкорлик қилиб келяпти.

Уч йил олдин Самарқанд ва Хитойнинг миллий Ипак музейи ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, Ипак йўли бўйлаб маданий меросни муҳофаза қилиш, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида кўргазмалар ташкил этиб келинмоқда. Жумладан, ўтган йилда Хитойда “Ранг-баранг Осиё: Осиё либослари кўргазмаси”, Самарқандда эса Цин сулоласи даврига оид ипак намуналари, либослар ва шойи маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилган эди.

Навбатдаги кўргазма бир йил давом этиши кўзда тутилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер