Самарқандда “Ўзбекистон – Германия халқаро соғлиқни сақлаш форуми” бошланди
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур нуфузли анжуманда вазирлик масъуллари, республикамиздаги ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, тиббий олий таълим муассасалари ва ҳудудий тиббиёт масканлари вакиллари, шунингдек Германиянинг етук олимлари ва экспертлари, нуфузли тиббиёт марказлари, йирик фармацевтик корхоналар раҳбарлари ҳамда инвесторлар офлайн ва онлайн тарзда иштирок этмоқда.
“Буюк ипак йўли” халқаро туризм мажмуасидаги Конгресс марказида ўтаётган форумни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов кириш сўзи билан очар экан, барча йиғилганларни нуфузли тадбирдаги иштироки билан қутлади.
Шунингдек, анжуманда Германиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Тило Клиннер, Ўзбекистоннинг Германиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Набижон Қосимов, “Koch Avitsenna” немис-ўзбек тиббиёт жамияти раиси Хелмут Хан, Германия тараққиёт банкининг минтақавий ваколатхонаси директори Андреас Шнайдер, Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Йоахим Фритцлар ҳам тиббиёт йўналиши бўйича икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
Қайд этилганидек, Германия Ўзбекистон учун ишончли ва стратегик ҳамкор. Мамлакатларимизни чуқур тарихий илдизлар боғлаб туради. Мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган кўп қиррали муносабатлар охирги йилларда жадал ривожланиб бормоқда.
Айниқса, жорий йил 2-3 май кунлари Президентимизнинг Германияга ташрифи икки томонлама алоқаларда бутунлай янги саҳифа очди.
Шуни айтиш лозимки, юртимиз тиббиётида олиб борилаётган ислоҳотларда ушбу мамлакат лойиҳаларининг кўлами ва салмоғи алоҳида ўринга эга.
Хусусан, Германия тараққиёт банки билан Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш муассасаларини модернизация қилиш, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, муқобил энергия манбаларини ишга тушириш ва тиббий таълим бўйича умумий қиймати 175 миллион еврога тенг 7 та инвестициявий ҳамда грант лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Фрайбург университети билан ҳамкорликда тор соҳадаги ҳамшираларни Германия таълим стандартлари бўйича тайёрлаш ва қайта ўқитишга келишилган. Бу эса ўқишни битирган ҳамширалар учун Германия тиббиёт клиникаларида фаолият олиб бориш имкониятини беради.
Бундан ташқари Германия билан ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Шарите университети ва Роберт Кох институти клиникалари билан ҳамкорликда “Роберт Кох – Ибн Сино” тиббиёт фонди ташкил этилди.
Мазкур фонд доирасида тиббиёт мутахассислари малакасини ошириш, телемедицина ёрдамида маҳорат дарсларини кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш мўлжалланган. Бугунги халқаро форум ана шу ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган муҳим қадамлардан биридир.
Икки кун давом этадиган тадбирда мамлакатлар аро тиббий ҳамкорликни кенгайтириш, соҳани рақамлаштириш, тиббиёт туризмини ривожлантириш, инвестиция лойиҳалари қамровини кенгайтириш, тиббий таълимда қўшма дастурлар амалга ошириш муҳокама этилади ҳамда халқ табобати йўналишига доир қатор масалаларга ҳам эътибор қаратилади.

Анжуманда мамлакатимиздаги қулай инфратузилма ва зарур шароитларнинг мавжудлиги, инвесторларнинг ҳуқуқлари қонун билан мустаҳкамлангани, чет эллик сармоядорларнинг давлатимизга бўлган қизиқиши йилдан йилга ортиб бораётгани инвестициялар ҳажмининг ошишига хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг 120 миллион нафар аҳолиси учун Ўзбекистонни тиббий туризм пойтахтига айлантириш учун инвестор ва тадбиркорларга барча имконият ва шароитлар яратиб берилиши, бу борада бугунги соғлиқни сақлаш форуми “Ўзбекистон – Германия” форматидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратиши айтиб ўтилди.
Анжуман доирасида 20 га яқин германиялик мутахассислар Ўзбекистонда тиббий таълим, шифокорлар малакасини ошириш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони, тиббиёт олий ўқув юртларимиз “Фахрий профессори” унвони ҳамда ташаккурномалар билан тақдирланди.
Якунда германиялик ҳамкорлар билан умумий қиймати 100 миллион доллардан ортиқ 70 дан зиёд келишув ва меморандумлар имзоланиши кутилмоқда.
Халқаро анжуман эртага - 27 май куни ҳам ўз ишини давом эттиради.
Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг