Самарқандда мармар тошлар орасидан наркотик топилди
Фото: ДХХ
Самарқанд вилоятида қурилишда фойдаланиладиган мармар тошлар орасига гиёҳванд моддаларини яширган шахслар ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси, вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда Божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Самарқанд вилоятида яшовчи 44 ва 30 ёшли фуқаролар ҳамда 33 ёшли хорижлик шахс қўлга олинган.
Аниқланишича, чет эллик фуқаро қурилишда фойдаланиладиган мармар тошлар орасига гиёҳвандлик воситаларини яширган ҳолда мамлакатимизга олиб келган, маҳаллий фуқаролар эса ушбу ажал оғусини сотиш билан шуғулланишган.
Тезкор тадбирда жами 37 килограмм 421 грамм «экстракцион опий» гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинган. Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг