Самарқандда Имом Бухорийнинг араб ва индонез тилларида чоп этилган “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари тақдимоти бўлиб ўтди
Фото: “Халқ сўзи”
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг араб ва индонез тилларидаги уч жилдлик китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчилари Музаффар Комилов, Хайриддин Султонов, Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Турсунали Қўзиев, марказнинг илмий ходимлари, Имом Бухорий стипендиясининг хорижлик совриндорлари ҳамда Самарқанд вилояти илмий жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.
Марказ директори Шовосил Зиёдов ушбу амалга оширилаётган ишлар ва қўлга киритилган илмий ютуқлар ҳақида маълумот берди.
—Кейинги йилларда Имом Бухорий илмий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасида эришилган натижалар ҳамда ушбу йўналишда кўплаб давлатлар илмий муассасалари билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилгани қувонарлидир, — дейди марказ директори Шовосил Зиёдов. – Айни жараёнда Имом Бухорий мажмуаси замонавий мезонлар асосида реконструкция қилинаётгани эътиборга сазовордир.
Ислом оламида ғоятда муҳим ва қадрли манба ҳисобланувчи мазкур китоб тақдимоти дунё халқларининг буюк аждодимизга ҳурмат-эҳтироми нечоғли юксак эканидан далолат беради.
Таъкидланганидек, мусулмон дунёсида Қуръони каримдан кейинги муқаддас манба сифатида эътироф этилган “Саҳиҳул Бухорий” асарининг янги нашри ҳадисларнинг нотўғри талқин этилиши, бевосита Имом Бухорийга нисбатан илмсизлик ва нохолислик билан билдирилаётган нотўғри фикрларга қарши муҳим ва асосли илмий қўлланма бўлади.
Тантанали тадбирда асарнинг араб ва индонез тилларидаги уч жилдли нусхаси БМТ Бош котибининг ўринбосари, Осиё ва Тинч океани бўйича иқтисодий ва ижтимоий комиссияси ижрочи котиби Армида Алисжабана хоним томонидан марказ жамоасига топширилди.
Айтиш жоиз, муҳаддислар юрти бўлган Ўзбекистондан ўрта асрларда 3000 нафардан зиёд муҳаддислар етишиб чиққан. Ҳадис илми тамаддунига ўзининг маънавий мероси билан беқиёс ҳисса қўшган алломалар Имом Бухорий, Имом Доримий, Имом Термизий, Имом Кеший ва бошқа кўплаб муҳаддисларни бунга ёрқин мисол сифатида келтириш мумкин.
Давлатимиз раҳбари қарорлари билан Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотурудий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ҳадис илми олий мактаблари ташкил этилиб, ҳадис илми тарихи, буюк муҳаддислар ҳаёти ҳамда илмий мероси кенг ўрганилмоқда. Хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказида буюк муҳаддиснинг илмий меросини ўрганиш ва кенг татбиқ этиш борасида самарали ишлар амалга ошириляпти.
Имом Бухорий ижодий фаолияти давомида тарих, ҳадис, ақида, тафсир ва фиқҳ йўналишларида йигирма тўртта асар ёзган. Бу асарлари орасида энг машҳур асари “Саҳиҳул Бухорий” номи билан ҳам машҳур бўлган “Aл-Жомеъ ас-саҳиҳ”дир.
Тадбир иштирокчилари мажмуада ташкил этилган музей ва ундаги экспонатлар билан яқиндан танишиб, марказ фаолиятини янада такомиллаштириш, илмий-амалий ҳамкорлик кўламини янада яхшилаш бўйича зарурий тавсиялар беришди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг