Самарқандда илк бор ўтказилган БМТ конференцияси юқори савияда ташкил этилди — Иброҳим Тиау

13:21 23 Ноябрь 2023 Жамият
379 0

Самарқандда БМТнинг чўлланиш тўғрисидаги конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. 

Тадбирда БМТ Бош котибининг ўринбосари, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш бўйича Конвенциянинг (UNCCD) ижрочи котиби Иброҳим Тиау, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов, БМТ UNCCD ижрочи котиби Ксения Скленлон, Сербия соғлиқни сақлаш институти бўлим бошлиғи, соғлиқни сақлаш бўйича мутахассис Билжана Килибарда, хорижий делегатлар вакиллари ва маҳаллий ҳамда хорижий ОАВ иштирок этди.

“Биринчи марта конференция бундай юқори даражада ташкил этилди. Самарқанддаги тадбир кўлами, тадбирлар, кўтарилган мавзуларнинг долзарблиги билан ёдда қоладиган бўлди. Қолаверса, бу галги конференция иштирокчилар сони жиҳатидан ҳам энг яхшисига айланди, — деди Иброҳим Тиау. — Биз миллионлаб инсонларнинг ҳаётини яхшилаш, долзарб экологик муаммолар, хусусан, қурғоқчилик, чўлланиш ва ерларнинг деградацияга учраши, чанг ва қум бўронларига қарши чора-тадбирларни муҳокама қилдик. Шу билан бирга, ўзбек халқининг меҳмондўстлигидан ҳам баҳраманд бўлдик”. 

Иброҳим Тиау конференция доирасидаги муҳокамалар, таклиф қилинган ечимлар, келишувлар бизни ташвишга солиб келаётган глобал муаммоларга ечим топишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Маълумот учун, 5 кун давомида қатнашчилар ерни барқарор бошқариш, қурғоқчиликка чидамлиликни ошириш, барқарор қишлоқ хўжалигида аёллар етакчилигини қўллаб-қувватлаш, ер деградацияси ва унинг олдини олишга қаратилган тадбирларни молиялаштириш ҳамда иқлим ўзгариши билан боғлиқ мажбурий миграцияга қарши курашишда стратегик мақсадларни амалга ошириш борасидаги муаммолар ва имкониятларни кўриб чиқди.

“CRIC-21 дунёда чанг ва қум бўронлари муаммоси кўтарилган илк глобал тадбирга айланди, — деди Обиджон Қудратов. — Шунингдек, сессия давомида ерни барқарор бошқариш, қурғоқчиликка чидамлиликни ошириш, барқарор қишлоқ хўжалигида аёллар етакчилигини қўллаб-қувватлаш каби долзарб масалаларни муҳокама қилдик. Қолаверса, ер деградацияси ва унинг олдини олишга қаратилган тадбирларни молиялаштириш ҳамда иқлим ўзгариши билан боғлиқ мажбурий миграцияга қарши курашишда стратегик мақсадларни амалга ошириш борасидаги муаммолар ва имкониятларни ҳам кўриб чиқдик”.

Таъкидлаш жоизки, конференцияда 1000 га яқин ортиқ иштирокчи, хусусан, Конвенцияга аъзо давлатлар, Европа Иттифоқи, БМТ, нуфузли халқаро ташкилотлар, давлатлараро ва нодавлат ташкилот вакиллари иштирок этди. CRIC-21 доирасида 40 га яқин параллель сессиялар ташкил этилиб, сессияда кўрилаётган мавзулар батафсил ёритилди. Шу билан бирга, параллель тадбирларда ушбу йўналишда минтақа ва дунёдаги глобал муаммолар ечимлари бўйича қилинган энг яхши натижалар намойиш этилди.

“Ушбу сессия иштирокчи давлатлар учун умумбашарий муаммоларни биргаликда бартараф этиш борасида ўзаро фикр алмашиш, тажриба орттириш имконини яратди, — деди Билжана Килибарда. — Мавзу жуда долзарб, кўтарилган муаммолар жиддий. Иштирокчи давлатлар сессия давомида келажакда амалга оширишлари лозим бўлган чора-тадбирларни белгилаб олдилар”.

Матбуот анжумани давомида 2024 йил декабрь ойида Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган 16-Томонлар Конференциясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган Чанг ва қум бўронлари бўйича Самарқанд декларациясини кўриб чиқиш таклиф қилинди.

Маълумот учун, 2015 йилдан бери тахминан 4 миллион км2 соғлом ва унумдор ерлар йўқолган, бу тахминан Ўрта Осиё ҳажмига тенг. 2030 йилга бориб ерни барқарор бошқариш бўйича глобал мақсадларга эришиш учун ернинг кейинги деградациясини зудлик билан тўхтатиш ва камида 1 миллиард гектар майдонни тиклаш лозим. Сўнгги маълумотларга кўра, бугунги кунда Марказий Осиё минтақаси деградациянинг салбий таъсири натижасида йилига 6 млрд. доллар зарар кўрмоқда. Бу рақамлар Самарқанддаги сессия бежизга ташкил қилинмагани, чўлланиш, қурғоқчилик каби экологик муаммолар тобора жиддий тус олаётганини ва бу муаммоларни ҳал қилиш учун бирлашиш лозимлигини англатади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер