Самарқанд вилоятида чангютгич ва газ плиталари деярли маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқарилмоқда
Тойлоқ туманининг Адас маҳалласида жойлашган “SAM FIORENTA” масъулияти чекланган жамияти 2021 йилда ташкил этилган бўлиб, корхона 2023 йил якунида Хитойдан келтирилган замонавий ускуналар ёрдамида модернизация қилиниб, тўла қувват билан ишлай бошлади.
Натижада корхонада йилига 100 минг дона 6 хилдаги чангюткич ишлаб чиқариш имконияти яратилди. Ҳозирда битта линияда кунига 250-300 та чангюткич тайёрланаётган бўлса, жорий йил июнь ойига қадар иккинчи линия ишга туширилиши билан маҳсулот ҳажми кунига 550 тагача ортиши мўлжалланяпти.
Маиший техника ишлаб чиқарувчилар учун сифатли ва кучланишга чидамли кабеллар жуда муҳим ҳисобланади. Ҳозирда бундай кабеллар асосан Туркиядан импорт қилинади. Бу эса таннархга ҳам таъсир кўрсатмасдан қолмайди.
— Жорий йилда қиймати 17 миллиард 500 миллион сўмлик лойиҳа асосида ёнғинга чидамли кабель тайёрлаш цехини ишга тушириш ҳаракатидамиз, — дейди корхонанинг ишлаб чиқариш гуруҳи раҳбари Қодир Заидов. — Бу ўзгаришлар туфайли корхонамиз ишчилари сони 100 нафарга етади. Чидамли кабелларни кўпайтириш орқали бошқа маиший техника ишлаб чиқарувчиларга ҳам сифатли кабель етказиб бериш имконияти яратилади.
Ҳозирги кунда корхонада 360 хилдан ортиқ маҳсулот, шундан газ плиталарининг 90 фоизини, йил якунига қадар эса чангютгичларнинг ҳам 75 фоизини маҳаллий хомашёдан тайёрлаш кўзда тутилган.
Корхона маҳсулотлари ички бозордан ташқари қўшни республикалар ва Россияга ҳам экспорт қилинмоқда.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг