Самарқанд халқаро технология университети «Энг инновацион олий таълим муассасаси» деб эътироф этилди
2025 йил якуни Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) учун яна бир муҳим ва рамзий ютуқ билан тарихга муҳрланмоқда. Мамлакатимиз илм-фан ҳаётидаги энг нуфузли танловлардан бири — Science and Innovation Awards – 2025 доирасида SIUT олий таълим ва илмий фаолият соҳасидаги изчил ишлари, инновацион ёндашувлари ҳамда илмга таянган стратегик ривожланиш йўли учун юксак эътирофга сазовор бўлиб, «Энг инновацион олий таълим муассасаси» номинациясида олий мукофот билан тақдирланди.
Science & Innovation халқаро илмий журнали ташаббуси билан анъанавий равишда ташкил этиб келинаётган мазкур нуфузли тадбир йил давомида илм-фан, таълим ва инновациялар ривожига салмоқли ҳисса қўшган олимлар, илмий марказлар ҳамда олий таълим муассасаларини эътироф этишга қаратилган.
Танлов регламентига мувофиқ, номинация доирасида иштирок этган олий таълим муассасалари 18 та асосий мезон асосида баҳоланди. Ҳар бир мезон 2 дан 10 баллгача баҳоланиб, умумий максимал кўрсаткич 100 баллни ташкил этди. Мустақил экспертлар томонидан ўтказилган комплекс таҳлиллар натижасида SIUT барча асосий кўрсаткичлар бўйича барқарор ва юқори натижаларни қайд этди.
Университет фаолиятининг устувор йўналишлари сифатида амалиётга йўналтирилган таълим, барча таълим йўналишларида дуал таълим тизимини жорий этиш, замонавий педагогик ва инновацион методларни қўллаш, шунингдек, талабаларни илмий-тадқиқот ва муҳандислик лойиҳаларига фаол жалб этиш белгиланган. Ушбу ёндашув ўз самарасини бериб, SIUT талабалари халқаро форумлар, конференциялар, хакатонлар ва муҳандислик мактабларида мунтазам равишда муносиб натижаларни намоён этмоқда. Бу эса университетда халқаро муҳандислик таълими стандартлари асосида, хорижий профессорлар ва соҳа экспертлари иштирокида ташкил этилган таълим жараёни самарадорлигини кўрсатади.
Шунингдек, университет кутубхонаси томонидан Web of Science, Springer, EBSCO, ProQuest, ACM Digital Library, Britannica Academic, MSP каби етакчи халқаро илмий маълумотлар базаларига очиқ кириш имкониятларининг яратилгани SIUTда илмий изланишлар олиб бориш, кўп тилли манбалар билан ишлаш ҳамда университетнинг глобал академик ҳамжамиятга интеграциялашуви учун қулай шарт-шароитлар яратмоқда.
— Бу натижалар Самарқанд халқаро технология университети жамоасининг изчил меҳнати ва тўғри танланган ривожланиш стратегияси самарасидир. Биз учун бундай эътироф катта масъулият юклайди. Университетда таълим, фан ва инновацияларни уйғун ривожлантириш устувор вазифа бўлиб қолади, — деди SIUT ректори, профессор Юсуф Абдуллаев. — «Энг инновацион олий таълим муассасаси» унвони университетда илм-фан ва инновациялар соҳасида олиб борилаётган тизимли ишлар ҳамда замонавий муҳандислик таълими талабларига йўналтирилган ташаббусларнинг амалий аҳамиятини акс эттиради. Ушбу натижа SIUTнинг келажакка қаратилган аниқ стратегия асосида барқарор ривожланиб бораётганини кўрсатади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг