Самарадорликда муқобили йўқ муқобил энергия
Фото: Халқ сўзи
Об-ҳавонинг кескин совуши, тўрт кундирки, каттаю кичик давраларнинг бош мавзусига айланган. Ижтимоий тармоқлар, айрим «ватанпарвар ва халқпарвар» блогерларнику қўяверинг, совуқнинг хабарини эшитишлари билан бонг уришни бошлашган эди. «Куз ўтиб, қиш келишини билмасмидингиз», деган маломатлар ҳали-бери тинмаса керак.
Хуллас, бугун табиат минтақамиз учун ноанъанавий бўлган иқлим ҳафтаси билан анъанавий энергия манбаларимиз имкониятларига кўзгу тутди. Табиий энергия ресурслари ҳадсиз эмаслиги, ундан бетежам фойдаланиш қандай оқибатларга олиб келиши, муқобил энергия манбаларига ўтиш фурсати етганлигини эслатиб қўйди.
Мамлакатимизда йилнинг 300 куни қуёшли бўлиб, у сувнинг табиатда айланиши, шамол каби жараёнларнинг манбаи ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда, қуёш электр энергияси ишлаб чиқаришда нефть, кўмир ва газ ресурсларининг муқобили ҳисобланади. Ундан самарали фойдаланиш ва кўламини ошириш мақсадида республикамизда 2019 йил 21 майда «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида» Қонун, ўша йилнинг 22 августида Президентимизнинг «Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, соҳа ривожига ҳуқуқий асос яратилди. Хорижий инвесторлар жалб этилиб, кўплаб истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилди.
Навоий вилоятининг Кармана туманидаги умумий қиймати 110 миллион долларлик, 100 мегаватт қуватга эга қуёш фотоэлектр станицияси шулардан бири бўлиб, унинг фаолият бошлаши йилига 79 миллион куб метр табиий газни иқтисод қилиш имконини юзага келтирди. 264 гектар ер майдонини эгаллаган станцияда йилига 260 миллион квт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Яқин истиқболда эса куни кеча қуриш лойиҳаси ПФИ Аwардс томонидан Марказий Осиёда йилнинг энг яхши битими деб топилган Зарафшон шаҳридаги 500 МВт қувватга эга шамол электр станцияси ҳам унинг қаторига қўшилади. Электр станцияси ишга туширилгач, йилига 545 миллион куб метр табиий газ тежалади ва карбонат ангидрид чиқиндиларини йилига 1,1 миллион тоннага камайтириб, йилига 500 минг хонадоннинг истеъмолига тенг бўлган 1,6 миллиард квт/соат электр ишлаб чиқаришни таъминлайди. Вилоятнинг Нурота, Конимех, Қизилтепа туманларида мазкур йўналишларда ишлар аллақачон бошлаб юборилган.

Мазкур йирик электр станциялари билан бирга Навоий вилоятида корхоналар ва ижтимоий соҳа объектларида ҳам муқобил энергия манбаларини ўрнатишнинг 2022 - 2023 йилларга мўлжалланган дастури ишлаб чиқилиб, унга кўра жами 1 минг 725 та субъект беминнат энергия манбаидан фойдаланишга ўтказилади. Биргина ўтган йили 154 та объектнинг муқобил энергия манбаларидан фойдаланиши ойига ўртача 233 минг киловатт соат электр энергияси тежалишига олиб келди.
— Корхонамиз маъмурий биносига 50 киловаттлик қуёш электр панелларининг ўрнатилиши умумий эҳтиёжимизнинг 70 фоизини қаноатлантирмоқда, — дейди «Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ муҳандиси Нарзибек Ҳайитов. — Натижада ойига 8 минг 400 ёки йилига 101 минг квт/соат электр энергиясини тежаб, ортиқча ишлаб чиқарилган қувват тармоқларга тарқатилмоқда.
Вилоятда бугун «Қизилқумсемент» АЖ маъмурий биноси, вилоят ҳокимлиги, иккита олий таълим муассасасининг ўқув бинолари ва талабалар турар-жойлари, ўнлаб мактабгача ва мактаб таълими муассасалари, катта-кичик шифо масканлари, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла»дастурлари асосида янгича қиёфа касб этган ҳудудларнинг кўча ёритгичлари муқобил электр манбаига ўтказилди.
— Йигирма беш йилдирки, тадбиркорлик билан шуғулланаман, — дейди Навоий шаҳридан Нигора Рўзиева. — Автосервисим бор. Қуёш панеллари ўрнатилгач, бутунлай электр тармоқларидан узилдик. Илгари электр энергияси истеъмоли учун ҳар ойда 350-400 минг сўм пул тўлаган бўлсам, эндиликда ўн йил ер ва мол-мулк солиғидан озод этилганман.
Муқобил энергиянинг иқтисодий самарадорлигини вилоят солиқ бошқармаси мутасаддилари соддагина ифодалаб беришди. Бошқарма маъмурий биносига ўтган йили 460 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, 40 киловаттлик қуёш панелли электр энергияси манбаи ўрнатилган.
— Ушбу манба ёрдамида кунига 500 киловатт электр энергияси ишлаб чиқарилиб, шундан 350 киловатти бошқарма эҳтиёжлари учун ишлатилмоқда. Ортган 150 киловаттини электр тармоқларига сотиб, кечки пайт 50 киловатт электр энергияси сотиб оламиз, — дейди вилоят ДСБ ходими Нурбек Сафаров. — Натижада илгари бир ойда қарийб 6 миллион сўмга электр энергияси сотиб олган бўлсак, қуёш панеллари туфайли бугунги кунда ойига 150 минг сўм даромад оляпмиз. Энг муҳими, ягона энергия тизимига 12 минг 400 киловатт соат электр энергиясини тежаш билан ўз ҳиссамизни қўшмоқдамиз.
Энди сўзимиз бошидаги мулоҳазаларга қайтсак. Кўриниб турибдики, мамлакатимизда аҳоли, корхона ва ташкилотларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлашнинг истиқболли лойиҳалари амалга оширилиб, бунда битмас-туганмас энергия манбаидан фойдаланиш устувор этиб белгиланган. Глобал миқёсда олганда, бу куз ўтиб қишни ўйлашгина эмас, балки тобора захираси камайиб кетаётган анъанавий энергия ресурслари инқирозига олдиндан тайёргарликдир. Қолаверса, яшил энергетика мамлакатимиз иқтисодиёти ривожини жадаллаштириши баробарида атроф-муҳит муҳофазаси йўлида жиддий қадам ҳисобланади.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг