Сайловга тайёргарлик қизғин паллада
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловларга тайёргарлик, уни ўтказиш масалалари бўйича Андижон вилояти ҳудудий сайлов комиссиясида ОАВлари ходимлари иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Бахтиёржон Расулов сайловга тайёргарлик жараёни ҳақида маълум қилди.
Брифингда қайд этилишича, Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 10 августдаги тегишли қарорига мувофиқ, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича 7 та бир мандатли сайлов округлари ташкил этилди. 5 та сиёсий партиядан кўрсатилган 35 нафар депутатликка номзод рўйхатга олинди. Уларнинг «Э-сайлов» ахборот тизими орқали киритган аризаларига мувофиқ, ишончли вакиллари ҳам рўйхатга олиниб, тегишли гувоҳномалар тақдим этилди. Календарь режанинг 7-бандига кўра, 495 нафар аъзодан иборат 55 та округ сайлов комиссияси тузилиб, уларнинг таркиби ва жойлашган ери тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинди.
— Сайлов кодексининг 10-моддасига асосан, сайловга камида 60 кун қолгунича бўлган муддатда, яъни 2024 йилнинг 22 августидан туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари тақдимномасига биноан Андижон вилояти ҳудуди бўйича жами 938 та сайлов участкалари тузилди, — дейди Б. Расулов. — Уларнинг тартиб рақами белгиланиб, чегаралари ва манзили кўрсатилган маълумотлар тегишли тартибда эълон қилинди. Календарь режанинг 7-бандига мувофиқ, сайловга камида 40 кун қолганида, яъни жорий йил 16 сентябрь куни 938 та сайлов участкасида фаолият кўрсатиш учун 10 минг 293 нафар аъзодан иборат участка сайлов комиссиялари тузилиб, уларнинг таркиби, телефон рақамлари, жойлашган ери, овоз бериш биноси тўғрисидаги маълумотлар ҳудудий сайлов комиссиясининг веб саҳифасида эълон қилинди. Сайловга камида 35 кун қолганида, яъни жорий йил 19 сентябрда халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутатлигига 275 нафар номзод рўйхатга олинди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, вилоят ҳудудий сайлов комиссияси томонидан сайловни очиқ-ошкора, шаффоф тарзда ўтказиш учун барча шарт-шароитлар яратилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг