Сайловчилар билан юзма-юз мулоқот
Фото: Халқ сўзи
Самарқанд вилоят бўйича Миллий гвардия бошқармасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси OzLiDeP фракцияси аъзоси, қуйи палатанинг Мудофаа ва xавфсизлик масалалари бўйича қўмита раиси Эркин Салихов иштирокида «Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокамаси ҳамда Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича тасдиқланган «йўл харитаси» мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
OzLiDeP вилоят Кенгаши ходимлари, Самарқанд вилоят бўйича Миллий гвардия бошқармаси раҳбарияти ва ҳарбий хизматчилар қатнашган тадбирда юқорида келтирилган масалалар юзасидан атрофлича тушунчалар берилди. Қонунчилик палатаси депутати Э. Салихов Мудофаа ва xавфсизлик масалалари бўйича қўмита томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди.
Хусусан, ҳозирга қадар қўмитанинг қонун ижодкорлиги фаолияти йўналишида 41 та қонун лойиҳаси депутатлар муҳокамасига киритилган бўлиб, шулардан 37 таси қабул қилинган. «Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳам шулар жумласидандир.
Тадбирда ушбу қонун лойиҳасида белгилаб берилган вазифалар бирма-бир тушунтириб ўтилди. Уни янада такомиллаштириш мақсадида иштирокчиларининг таклиф-мулоҳазалари тингланди.
Қонунчилик палатаси Мудофаа ва xавфсизлик масалалари бўйича қўмита раиси Эркин Салихов, шунингдек, Самарқанд шаҳридаги 69-мактабда ҳам бўлиб, сайловчилар билан учрашди. Учрашувда депутат сайловчиларга фаолияти тўғрисида ахборот берди. Сайловчилар ҳам ўзларини қийнаб келаётган масалалар юзасидан депутатга мурожаат қилди.
Хусусан, «Обираҳмат» маҳалласи фаоллари томонидан электр симёғочларнинг фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги, замонавий бетон симёғочларга алмаштириш масаласи бир неча йиллардан буён муаммо сифатида кўтарилаётганлиги, бироқ масала мутасадди раҳбарлар томонидан ижобий ҳал этилмаётганлиги айтилди. Шунингдек, сайловчилар Самарқанд шаҳридаги 60-мактабнинг спорт зали йўқлиги, 69-мактаб эса 1974 йилда қурилган бўлиб, бирор марта капитал таъмирланмаганлигини қайд этиб, бу борада депутатдан амалий ёрдам сўради.
Сайловчилар томонидан кўтарилган барча муаммолар юзасидан тегишли вазирликларга депутатлик сўрови юбориладиган бўлди.
Абдулазиз Йўлдошев, Халқ сўзи.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг