«Саҳродаги Лувр» экспонатлари Парижда намойиш этилади
Фото: Халқ сўзи
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 23 ноябрида Парижнинг дунёга машҳур Лувр музейида «Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида» кўргазмаси очилади. 2023 йилнинг 6 мартига қадар давом этадиган ушбу кўргазмада мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид энг сара топилмалар, нодир экспонатлар намойиш этилади. Бинобарин, Лувр музейи археологи, кўргазманинг илмий куратори Рокко Рантенинг фикрича, Ўзбекистоннинг 130 дан ортиқ осори атиқа экспонатлари фақатгина Францияда эмас, балки бутун Европа ҳудуди тарихида илк бор экспозицияга қўйилмоқда. Экспонатлар орасида қадимий ва яқинда топилганлари ҳам бор.
Бутун дунё жамоатчилигини, тарихшунос ва санъатсеварларни жалб қилаётган, халқаро аҳамиятга эга ушбу кўргазмадан И. В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейининг ҳам бир қатор экспонатлари жой олган. Жумладан, улар орасида XVII-XVIII асрларга тегишли қорақалпоқ хотин-қизларининг бош кийими – «Тўбелик», «Жалпақ туйме», «Билак узук» ва «Аребек» каби қорақалпоқ миллий тақинчоқлари, шу билан бирга ўнлаб таниқли рассомларнинг бебаҳо картиналари бор.
Шу ўринда қизиқ бир факт. Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги маълумотларига кўра, Париждаги кўргазмада қорақалпоқ хотин-қизларининг миллий бош кийими - «Сәўкеле» намойиш этилишини европаликлар катта қизиқиш билан кутган. Бироқ «Саҳродаги Лувр» номи билан машҳур бўлган Савицкий музейида мазкур экспонат ягона, ноёб ва асл бўлгани боис Луврга олиб кетилмаган.
Ғ. Отажонов, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг