Руҳий саломатлик — жамият барқарорлигининг асоси
Асримизда бутун дунё бўйлаб ёшлар орасида руҳий бузилишлар кескин кўпайиб бораётгани кузатилмоқда. Илгари асосан катта ёшдагиларга хос деб ҳисобланган депрессия, хавотир бузилишлари, стресс билан боғлиқ ҳолатлар бугун талабалар, ёш мутахассислар ва меҳнат фаолиятини энди бошлаётган кадрлар орасида ҳам кенг тарқаляпти. Бу жараён эндиликда фақат тиббий муаммо сифатида эмас, балки иқтисодий барқарорликка бевосита таъсир кўрсатувчи стратегик хавф сифатида ҳам қаралмоқда.
Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, руҳий саломатлиги бузилган ёш мутахассисларда меҳнат унумдорлиги пасаяди, ишга чиқмаслик ҳолатлари кўпаяди, қарор қабул қилишда хатолар ортиб, кадрлар алмашинуви тезлашади. Бу эса корхоналар, ташкилотлар ва умуман миллий иқтисодиёт учун катта йўқотишларга сабаб бўлади.
Ёшлар психологиясига таъсир этувчи замонавий омиллар
Бугунги глобаллашув ва тезкор ривожланаётган жамият шароитида ёшлар руҳиятига таъсир этувчи омиллар тобора кўпайиб бормоқда. Мутахассислар ёшлар орасида турли хил руҳий бузилишлар, тушкунлик ва хавотир ҳолатларининг ортиб бораётганини бир қатор замонавий сабаблар билан изоҳлайдилар.
Аввало, ҳаёт суръатининг кескин тезлашуви ёшлардан доимий равишда мослашувни, тез қарор қабул қилишни ва юқори фаолликни талаб қилмоқда. Бу эса руҳий чарчоқ ва стресс ҳолатларининг келиб чиқишига сабаб бўлаяпти. Шу билан бирга, жамиятдаги юқори рақобат муҳити ва ижтимоий босим — ўқишда, ишда ёки шахсий ҳаётда муваффақиятга эришиш «мажбурият»и ёшларни ўзини доимий солиштириш ва қониқмаслик ҳолатига олиб келмоқда. Ижтимоий тармоқлар, онлайн платформалар ва ахборотнинг тўхтовсиз оқими ёшлар онгига катта юк бўлиб тушмоқда. Бу ҳолат диққат тарқоқлиги, эмоционал беқарорлик ва реал ҳаётдан узилиш каби муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шунингдек, иқтисодий беқарорлик ва келажакка нисбатан ноаниқлик ҳисси ёшларнинг хавотирини янада кучайтиради. Иш топиш, молиявий мустақилликка эришиш ёки ўз ўрнини жамиятда топиш масалалари кўплаб ёшлар учун жиддий руҳий босим манбаи ҳисобланади. Бунга қўшимча равишда, анъанавий ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларининг, яъни оила, маҳалла ёки жамоа ёрдамининг сусайиши ёшларнинг муаммолари билан ёлғиз қолиб кетишига олиб келмоқда.
Руҳияти ҳали тўлиқ шаклланиб улгурмагани сабабли, бундай стресс омиллари, айниқса, ёшларга кучли таъсир кўрсатади. Агар бу ҳолатларга ўз вақтида эътибор қаратилмаса ва психологик ёрдам кўрсатилмаса, улар сурункали руҳий касалликларга айланиб кетиши хавфи мавжуд. Шу боис, ёшлар билан ишлашда профилактика, очиқ мулоқот ва руҳий қўллаб-қувватлашни кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Ана шу шароитда психиатрия хизматларига эҳтиёж кескин ортиб бормоқда. Психиатрлар руҳий бузилишларни эрта аниқлаш, депрессия ва стресснинг оғирлашиб кетишининг олдини олиш, профилактика ишларини олиб бориш ҳамда жамоаларда соғлом руҳий муҳитни шакллантиришда ҳал қилувчи ўрин тутади.
Жаҳон тажрибасига кўра, руҳий касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва даволаш нафақат инсон ҳаёт сифатини яхшилайди, балки давлат харажатларини ҳам сезиларли даражада камайтиради.
Ўзбекистонда аҳоли, айниқса, ёшлар саломатлигини мустаҳкамлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Президентимиз томонидан қабул қилинган фармон ва қарорларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, жумладан, руҳий саломатлик хизматларини такомиллаштириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Руҳий саломатлик хизматларини бирламчи тиббий ёрдам тизими билан интеграция қилиш, ёш психиатрлар тайёрлаш, уларни амалиётга кенг жалб этиш ҳамда аҳолига яқин, қулай хизматлар кўрсатиш стратегик вазифалар қаторига киритилган.
Мамлакатимизда ёшлар улуши юқори экани инобатга олинса, руҳий саломатлик масаласи миллий тараққиёт билан бевосита боғлиқ экани яққол намоён бўлади. Руҳан барқарор, психологик жиҳатдан соғлом ёшлар — иқтисодий ўсиш, инновация ва жамият барқарорлигининг асосий таянчидир.
Ёшлар руҳий саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш масаласи бугунги кунда нафақат тиббий, балки ижтимоий аҳамиятга эга стратегик йўналишлардан бирига айланмоқда. Мавжуд муаммоларни самарали ҳал этиш учун қатор устувор вазифаларни амалга ошириш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Энг аввало, психиатр ва клиник психологлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш зарур. Замонавий талабларга жавоб берадиган, ёшлар билан ишлаш малакасига эга мутахассислар сонининг кўпайиши руҳий муаммоларни эрта аниқлаш ва уларни бартараф этишда муҳим ўрин тутади. Бу борада олий таълим муассасаларида махсус йўналишлар ва қайта тайёрлаш дастурларини ривожлантириш мақсадга мувофиқ.
Шу билан бирга, мутахассисларни таълим, тиббиёт ва меҳнат жамоаларига интеграция қилиш алоҳида аҳамиятга эга. Мактаб, олий ўқув юртлари, корхона ва ташкилотларда доимий психологик хизматнинг мавжуд бўлиши ёшлар ва ходимларнинг руҳий ҳолатини мунтазам кузатиб бориш, стресс ҳолатларининг олдини олиш имконини яратади. Мамлакатимизда бу йўналишда муайян ишлар қилинган бўлса-да, тизим ҳали тўлиқ ва барқарор шаклланиб улгургани йўқ. Аввало, таълим тизимида психологик хизмат нисбатан институционаллашган. Мактаблар ва олий таълим муассасаларида штат психологлари лавозимлари жорий этилган, улар асосан ўқувчилар ва талабаларнинг ижтимоий мослашуви, хулқ-атворидаги муаммолар, стресс ва конфликт ҳолатлари билан ишлайди. Бироқ амалиётда мутахассислар юкламасининг ортиқча экани, битта психологга жуда кўп ўқувчи тўғри келиши, бунинг устига, ишнинг кўпроқ ҳисобот ва формал тадбирлар билан чекланиб қолаётгани каби муаммолар мавжуд. Бу эса профилактикадан кўра оқибатлар билан ишлаш устун бўлиб қолишига олиб келмоқда.
Тиббиёт соҳасида психиатрия ва клиник психология хизматлари асосан ихтисослаштирилган муассасалар доирасида фаолият юритади. Бирламчи тиббий бўғин — поликлиника ва оилавий шифокорлар тизимида ҳам психологик ёрдам етарлича интеграция қилиниши зарур. Чунки кўп ҳолларда руҳий муаммолар фақат оғирлашганидан кейингина мутахассисга йўналтирилади, эрта аниқлаш ва профилактика механизми эса заиф.
Меҳнат жамоалари, яъни корхона ва ташкилотларда эса психологик хизмат деярли тизимли йўлга қўйилмаган. Аксарият иш берувчиларда ходимларнинг руҳий саломатлиги шахсий масала сифатида қабул қилинади. Натижада касбий чарчоқ, стресс ва конфликтлар кўпинча яширин қолади ёки кеч ҳал этилади.
Тўғри, сўнгги йилларда руҳий саломатлик масаласига эътибор ортиб бораётганини ҳам қайд этиш керак. Ёшлар сиёсати, бандлик, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида қабул қилинаётган дастурларда психологик хизматни кучайтириш зарурлиги кўпроқ тилга олинмоқда. Ушбу дастурларда психологик ёрдам, профилактика ва маслаҳат хизматларини кучайтириш масаласи эътиборга олинаётгани ҳам ижобий тенденциядир. Бироқ, шуни ҳам таъкидлаш керакки, мутахассисларни таълим, тиббиёт ва меҳнат жамоаларига чуқур ва самарали интеграция қилиш учун ҳали қонунчилик, кадрлар тайёрлаш, молиялаштириш ва жамоат онгини ўзгартириш борасида изчил ишлар талаб этилади.
Жамиятда руҳий саломатликка нисбатан мавжуд стигмани камайтириш зарур. Руҳий муаммоларни яшириш ёки уят деб қабул қилиш ҳолатлари одамларни ўз вақтида мутахассисга мурожаат қилишдан маҳрум қилиб қўяди. Очиқ ахборот, маърифий тадбирлар ва оммавий ахборот воситалари орқали бу қарашларни ўзгартириш мумкин.
Ислоҳотлар ва замонавий ёндашувлар
Бугунги кунда руҳий саломатлик масаласи бутун дунёда тиббиётнинг энг долзарб йўналишларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг катта қисми ҳаёти давомида камида бир марта руҳий бузилиш билан тўқнаш келади. Мисол учун, 2019 йилда дунё бўйича тахминан 970 миллион одам руҳий бузилишлар билан яшаган, аксариятида хавотир ва депрессия каби ҳолатлар учрайди. Таъкидлаш лозим, «руҳий бузилиш» деганда фақат оғир психик касалликлар эмас, балки депрессия, хавотир, стресс билан боғлиқ клиник ҳолатлар ҳам тушунилади.
Авваллари психиатрияга оид муаммолар жамиятда ёпиқ мавзу ҳисобланган бўлса, бугун улар очиқ муҳокама этилаётган ижтимоий аҳамиятга эга масалага айланди. Бу ўзгариш, аввало, давлат сиёсати даражасида соҳага эътибор кучайгани билан боғлиқ. Сўнгги йилларда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар психиатрия хизматларини модернизация қилиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга хизмат қилмоқда. Руҳий касалликларни фақат стационар эмас, балки амбулатор ва жамоа асосида даволашга устуворлик берилмоқда. Бу беморларнинг жамиятдан узилиб қолмасдан, ижтимоий мослашувини таъминлашга хизмат қилади.
Ҳозирги психиатрия фақат дори-дармон билан даволаш билан чекланиб қолмайди. Жаҳон тажрибасига мувофиқ равишда Ўзбекистонда ҳам биопсихоижтимоий модель (тиббий, психологик ва ижтимоий ёндашувни бирлаштирган усул) босқичма-босқич жорий этилмоқда. Айниқса, депрессия, хавотир бузилишлари, стрессга боғлиқ ҳолатлар ҳамда болалар ва ўсмирлар руҳий муаммоларини эрта аниқлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бирламчи бўғин шифокорларини руҳий касалликларнинг дастлабки белгилари бўйича тайёрлаш бу борада муҳим қадам бўлди.
Психиатрия соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш муҳим янгиликлардан бири ҳисобланади. Телемедицина, онлайн маслаҳатлар ва масофавий психологик ёрдам хизматлари, айниқса, чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли учун катта имконият яратмоқда. Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш шаффофлик ва самарадорликни оширишга хизмат қилмоқда.
Руҳий касалликларга нисбатан нотўғри қарашлар — стигма ҳанузгача долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Илмий тадқиқотлар шундан далолат берадики, стигма инсонларни ўз вақтида ёрдам сўрашдан тўхтатади, бу эса касалликнинг оғирлашишига олиб келади. Шу боис аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириш ишларини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади. Руҳий саломатлик — ҳар бир инсон, ҳар бир оила ва бутун жамият фаровонлигининг ажралмас қисми. Уни асраш ва мустаҳкамлаш эса барчамизнинг умумий масъулиятимиздир.
Дилафруз ЎРОЛОВА,
Тошкент давлат тиббиёт университети
«Психиатрия ва наркология» кафедраси ассистенти.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг