Россиянинг Белгород ва Курск вилоятларининг чегара ҳудудларига ҳужум қилингани ҳақида хабарлар тарқалди
Архив сурат
“Россия Озодлиги” легиони чегарани кесиб ўтганлар унинг жангчилари эканлигини даъво қилмоқда
Бугун, 12 март куни эрталаб Россиянинг Белгород ва Курск вилоятлари ҳудудида россиялик ҳарбийлар ва Украина томонида жанг қилаётган қуролли тузилмалар ўртасида жанглар бошланди, дея хабар бермоқда россиялик ҳарбий мухбирлар.
Жумладан, ҳарбий мухбир Семён Пеговнинг Телеграмдаги “WarGonzo” канали “пикаплардаги қуролли гуруҳлар” миномёт ва артиллерия қўллаб-қувватлови остида Белгород вилоятидаги чегарани бузиб ўтишга урингани ҳақида хабар берди. Манбага кўра, Харков вилоятининг Одноробовка қишлоғидан силжишга уриниш бўлган, 50 га яқин одам Белгород вилояти томон йўл олган.
Унинг ёзишича, жанг натижасида қуролли гуруҳлар ўзларининг дастлабки позицияларига чекинишган ва у ерда “узоқ масофали қуроллар билан ҳимояланган”. Ҳарбий мухбирга кўра, ҳужум қилганлар эҳтимол РДК ва “Сибир батальони”нинг террористик бўлинмалари бўлиши мумкин.
ВГТРК мухбири Андрей Руденко ҳам Белгород вилоятига қилинган ҳужум ҳақида ёзган. Унинг сўзларига кўра, у ерда “кучли разведка” бўлиб ўтди. Унинг таъкидлашича, рус ҳарбийлари ҳужум қилганларнинг учта бронетранспортёрини йўқ қилган. Москва вақти билан тахминан 08:00 да Руденко “ҳозир жанг давом этмоқда” деб ёзди.
Руденко шунингдек, Курск вилоятидаги Теткино қишлоғи яқинидаги чегарани бузиб ўтишга уриниш ҳақида ҳам хабар берди. Унинг маълумотларига кўра, “душман кучларининг бир қисми йўқ қилинган, қолганлари орқага чекинган”.
“WarGonzo”нинг таъкидлашича, Теткино ҳудудидаги биринчи жанг эрталаб соат 8:00 да бошланган. “Baza” Телеграм каналининг хабар беришича, отишма давомида икки киши яраланган, улардан бири маҳаллий фуқаро.
Уруш тарафдори бўлган “Older Edda” Телеграм канали “душман зирҳли маневр гуруҳлари, пиёдалар ва енгил техникадан фойдаланган ҳолда Белгород вилоятида Грайворонск йўналишини ёриб ўтишга ҳаракат қилмоқда” деб ёзади.
“Давлат чегарасининг бир қанча участкаларида жуда шиддатли жанглар кетмоқда”, — дейилади хабарда.
“Россия Озодлик” легиони нашри танклар чегарани кесиб ўтаётгани кўрсатилган видеони эълон қилди. Жанг видеоси ҳам “Сибир баталони” томонидан эълон қилинган, унда “Россия Федерацияси ҳудудида шиддатли жанглар кетаётгани” айтилади. Канал шунингдек, одамларни Россия президенти сайловларида қатнашмасликка чақирувчи видеони ҳам жойлаштирди. Ушбу видеолар қачон ва қаерда суратга олингани номаълум.
Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладковнинг айтишича, Грайворонский шаҳар округи Украина Қуролли кучлари томонидан ўққа тутилмоқда. Мудофаа вазирлигига таяниб, вилоят раҳбари тумандаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан “Vampire” кўп ракета мажмуасидан саккизта ракета ва “Tochka-U” мажмуасидан битта ракета уриб туширилганини айтди. Туман ҳам миномёт ва артиллериядан ўққа тутилмоқда. Грайворон шаҳрида 11 хусусий хонадон ва бешта автомашинага турли зарар етказилган. ⠀⠀
Курск вилояти губернатори Роман Старовоитнинг айтишича, қўпорувчилик гуруҳи минтақага бостириб киришга уринган, отишма бўлган, аммо унинг сўзларига кўра, ҳеч қандай муваффақият бўлмаган.
Украинада яшовчи Давлат Думасининг собиқ депутати Илья Пономаревнинг даъво қилишича, “Россия Озодлиги” легиони, “Россия кўнгиллилар корпуси” ва “Сибир баталони” гўёки “қўшма операция доирасида” Курск ва Белгород вилоятларига кирган.
Қуролли тузилмалар томонидан тахмин қилинган ҳужумни Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси вакили Андрей Юсов изоҳлади. Унинг сўзларига кўра, бу тузилмалар “мутлақо автоном, мустақил ҳаракат қилади ва ўз ижтимоий-сиёсий дастурий вазифаларини бажаради”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг