Россиядаги йирик паррандачилик фабрикаси Мингбулоқдаги хусусий корхонадан махсус иш кийимлари сотиб олмоқда

10:19 18 Август 2020 Иқтисодиёт
1203 0

Россиянинг Свердловск вилоятидаги Рефтинский паррандачилик фабрикаси Наманган вилояти текстиль маҳсулотларининг дастлабки туркумини қабул қилиб олди. Ушбу фабрика Россиянинг йирик корхоналаридан бири бўлиб, ўз соҳасининг етакчилардан ҳисобланади. Унинг ишчилари энди Мингбулоқнинг «Исмигул Бегойим» хусусий корхонасида тайёрланган махсус иш кийимларини киядилар.

Буларнинг бари, 2019 йил ноябрь ойида Свердловск губернатори Евгений Куйвашев ва Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми натижаси ўлароқ амалга ошмоқда.

Мингбулоқлик тадбиркор Мукаррам Босаралиева раҳбарлигида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар мураккаб пандемия шароитига қарамай хорижий ҳамкорларга қисқа муддатда етказилди. Кеча Рефтинский шаҳрида ўзбек иш кийимларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Свердловск вилояти халқаро ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири ўринбосари Вячеслав Ярин, Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги бош консули Абдусалом Хатамов, фабрика бош директори Александр Засипкин иштирок этдилар.

Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо айланмаси, турли мураккабликларга қарамай ўтган 5 ой мобайнида 18 фоизга ўсган.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер