Россиянинг Иркутск вилоятида икки нафар Ўзбекистон фуқароси Чуна дарёсида чўкиб кетди. Бу ҳақда «ТК Город» нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса жорий йилнинг 29 июнь куни содир бўлган. Ўша куни 20 ва 21 ёшли икки йигит Чунский туманидаги Октябрский қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи Чуна дарёсига чўмилиш учун борган. Аммо бу вақтда улардан бири чўкиб кета бошлаган, иккинчиси эса уни қутқаришга уринган, бироқ оқибатда у ҳам сувга ғарқ бўлган.
Манбага кўра, улар чўкиб кетган жойда дарёнинг чуқурлиги 5,7 метрни ташкил этади. Шунингдек, қирғоқ бўйида махсус белгилар ўрнатилган бўлиб, сузиш тақиқланади.
«Ўзбекистон фуқароларининг жасадлари ҳозирча топилмаган. Қидирув ишларида қутқарувчиларга кўнгиллилар ёрдам бермоқда», дейилади Чунский туман ҳокимлиги хабарида.
Қайд этилишича , ўзбекистонлик экани айтилаётган йигитларнинг бири бахтсиз ҳодисага қадар тумандаги корхоналардан бирида қонуний ишлаётган бўлган .
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг