Россия ташқи ишлар вазири Тошкентда ўқитувчилар ва талабалар қаршисида нутқ сўзлайди
Фото: Спутник
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 2020 йил 12-13 январь кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда РФ ТИВ расмий вакили Мария Захарова маълум қилди, деб ёзади ТАСС.
Унинг қайд этишича, ташқи ишлар вазирини Ўзбекистон Президенти қабул қилиши кутилмоқда. Ўз навбатида икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтади.
Захарованинг сўзларига кўра, мулоқот чоғида икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларнинг барча жабҳалари кўриб чиқилиши режалаштирилган.
“Россия Президентининг 2018 йил 18 октябрь куни Ўзбекистонга қилган ташрифи доирасида эришилган шартномалар, келишувларнинг бажарилиши, шунингдек, 2020 йилга белгиланган юксак ва юқори даражадаги тадбирларга тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилади“, — деди Захарова.
У икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги 2020-2021 йилларга мўлжалланган дастур имзоланиши режалаштирилганини ҳам маълум қилди. Ушбу ҳужжатда ташқи сиёсатнинг асосий кўп томонлама ва минтақавий йўналишларига нисбатан ёндашувлар ва ҳаракатларнинг ўзаро мувофиқлигини текшириб олиш назарда тутилган. “Бундай ўзаро алоқалар стратегик шериклик ва ҳамкорлик муносабатларининг ишончли даражасини ўзида акс эттиради“, — деди дипломат.
Захарова Сергей Лавров РФ ТИВ МДХАИ(МГИМО)нинг Тошкент филиали профессор-ўқитувчилари жамоаси ва талабалар олдида нутқ сўзлашини ҳам қўшимча қилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг